Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.12.2017 10:43 Чоп этиш версияси

Италия пиццаси ЮНЕСКО рўйхатидан жой олди

Италия пиццаси ЮНЕСКО рўйхатидан жой олди Жанубий Кореяда ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраш бўйича ўтказилган навбатдаги сессиясида Неаполь (Италия) пиццаси инсониятнинг номоддий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилди, деб хабар беради “The Local”нинг (Швеция) Италиядаги интернет нашри.

Италия ўз миллий таоми билан ушбу рўйхатдан жой олишга 2010 йилдан буён ҳаракат қилиб келаётган эди. Италия пиццайололари саъй-ҳаракатлари ва пицца тайёрлаш санъати жорий йилда экспертлар томонидан муносиб баҳоланди.

Пицца тайёрлаш санъати авлоддан-авлодга ўтиб келаётган Неаполда уч мингга яқин пиццайоло иш юритмоқда. Италия маданий мерос, маданий фаолият ва сайёҳлик вазири Дарио Франческинининг сўзларига кўра, янги йил арафасида Неаполь пиццаси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани мамлакат учун муҳим эътирофдир. Зеро, 2018 йил Италияда ҳукумат томонидан «Итальян таомлари йили», деб эълон қилинган.

ЮНЕСКОнинг Жанубий Кореядаги сессиясида, шунингдек, Ҳиндистоннинг Кумбха-Мела фестивали, Озарбайжон таоми – долма, Индонезиянинг пиниси ёғоч елканли қайиқ тайёрлаш техникаси, Ирландиянинг волинка чолғу асбоби ҳам номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди.

ЎзА
9 829