ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

​Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси масжидга айлантирилди

​Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси масжидга айлантирилди

Дунё туристлари учун энг гавжум бўлган ушбу маскан жума куни музей мақомидан айрилди ва масжид сифатида рўйхатдан ўтказилди, деб маълум қилди Anadolu агентлиги мамлакат Давлат кенгашининг қарорига асосланиб.

Бундан аввалроқ Туркия Давлат кенгаши Аё София ибодатхонасини музейга айлантириш ҳақида 1934 йилдаги қарорни бекор қилгани айтилган эди.

"Давлат кенгаши берган хулосага кўра, Аё-София кадастр бўйича масжид сифатида рўйхатдан ўтказилган ва ушбу мақом ўзгартирилмаган", - деди агентлик.

Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалиннинг агентликка берган интервьюсида айтилишича, Туркия ибодатхонадаги насронийлар иконаларини сақлайди. Шунингдек, унинг таъкидлашича, Мовий масжид, Фотиҳ масжиди, Сулаймон масжиди каби мамлакатнинг бош масжидлари қаторида Аё София ибодатхонаси ҳам диндорлар учун ҳам, оддий келувчилар ва туристлар учун доимо очиқ бўлади. Туркия туризм вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда Аё-София ибодатхонасини 3,7 миллиондан зиёд киши келиб кўрган.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғли ибодатхона мақомини ўзгартириш ва уни масжидга айлантириш Туркия давлатининг ички иши эканини айтган эди.

Аё Софияга насронийлар императори Юстиниан томонидан асос солинган бўлиб, у 537 йил 27 декабрда очилган. Ибодатхона насронийлар дунёсидаги энг йирик черковларнинг бири ҳисобланарди. Усмонлилар империяси томонидан Константинопол эгалланиши ва Византия империясининг қулашидан кейин, 1453 черков масжидга айлантирилди, бироқ 1934 йилда ҳозирги Туркиянинг асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг декретига биноан бино музейга айлантирилиб, ЮНЕСКО нинг бутун жаҳон мероси рўйхатига киритилганди.

2 518
ЎзА