ЎзА Ўзбек

17.09.2019 Чоп этиш версияси

Исроилда тарихда илк бор такрор парламент сайловлари бошланди

Исроилда тарихда илк бор такрор парламент сайловлари бошланди

Исроилда сайлов участкалари сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 07.00 да мамлакат тарихида илк бор такрор парламент сайловлари учун очилди. Сайлов натижаларига кўра 22-чақириқ Кнессет таркиби аниқланади ва ҳукумат коалицияси тузилиб, бош вазир тайинланади. 

Исроилда такрорий парламент сайловлари бўлиб ўтаётганига сабаб, мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяху 9 апрелдан бошланган 42 кунлик муддат ичида Кнессетдаги 120 ўриндан камида 61 тасини бошқарадиган коалиция тузиш бўйича келишувга эриша олмади. Натижада, ҳукумат раҳбари энг юқори қонун чиқарувчи органни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қонунни парламентга таклиф қилди. 

Такрор сайловларда иштирок этиш учун ўттизга яқин партия рўйхатга олинган, аммо социологларнинг фикрича, улардан камчилиги сайлов тўсиғини 3,25 фоизга енгиб ўтиш эҳтимоли бор. Жамоатчилик сўровига кўра, Нетаньяхунинг Ликуд партияси ва Исроил армияси Бош штабининг собиқ раҳбари Бени Ганц етакчилигидаги Каҳол-Лаван партияларининг марказий блоки (“Оқ ва кўк“ блоки) сайловда ғалаба қозониши мумкин. 

Экзитпол натижалари сайлов участкалари ёпилгандан сўнг дарҳол 22:00 да эълон қилинади ва овозларни санаш бўйича биринчи расмий маълумотлар бир неча соат ичида маълум бўлади. Бир ҳафталик муддатда Исроил президенти Реувен Ривлин Кнессетдаги партиялар вакиллари билан маслаҳатлашгандан сўнг, депутатлардан бирига ҳукумат коалициясини тузишни топшириши керак. Бош вазир номзодига қоида тариқасида, кўп сонли депутат мандатларига эга бўлган партия етакчиси кўрсатилади. 

2 836
ЎзА