ЎзА Ўзбек

14.08.2018 17:48 Чоп этиш версияси

Испания қирғоқларида 600 га яқин муҳожир қутқарилди

Испания қирғоқларида 600 га яқин муҳожир қутқарилди Сўнгги кунларда Испания денгиз қутқарув хизмати томонидан олиб борилган тадбирлар давомида 600 га яқин муҳожир қутқарилган. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермоқда.

13 август куни Гибралтар бўғозида 230 нафар муҳожир бўлган еттита, Альборан денгизида 301 муҳожир ўтирган олтита қайиқ аниқланган. Бугун эрталаб Гибралтар бўғозида яна 67 муҳожирга ёрдам кўрсатилган.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги ойларда мамлакатга Италия қирғоқларидан муҳожирларнинг кўчиб ўтиши сезиларли даражада ошмоқда.

Миграция бўйича халқаро ташкилот маълумотига кўра, 2017 йилда мамлакатга денгиз орқали келган муҳожирлар 22,1 минг кишини ташкил этган бўлса, жорий йил бошидан то шу кунга қадар бу кўрсаткич 25 минг кишига етган. 300 дан зиёд муҳожир ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.

Йил бошидан буён Ўрта ер денгизи орқали Европага 60 минг муҳожир кириб келган, ҳалок бўлганлар сони 1,5 мингтага кўпайган.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
5 127