ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Ироқда йирик террорчи-раҳбарлардан бири қўлга олинди

Ироқда йирик террорчи-раҳбарлардан бири қўлга олинди

Ироқ аксилтеррор хизмати вакили Сабоҳ ал-Нўъмон “РИА Новости” ахборот агетлигига “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи етакчиларидан бири Абдул Носир Қардошнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни ошкор қилган. Мулозимнинг айтишича, бу шахс террорчилик ҳаракатларини молиялаштириб келаётган манбаларни аниқлашга ёрдам беради.

Идора масъул вакили Абдул Носир Қардош "ушбу террорчилик гуруҳидаги энг хавфли ҳарбий раҳбарлардан бири" саналишини таъкидлади. Шунингдек, Нўъмон Қардошни ташкилот етакчилигига асосий даъвогарлардан бири сифатида ҳам қайд этган.

"Уни заҳарли газлар тайёрланишини назорат қилгани учун профессор, деб аташади. Қолаверса, у гуруҳнинг Суриядаги операцияларини ташкил этишда, Богуздаги жангларда муҳим роль ўйнаган, шунингдек Мосулда бошқа жиноий ҳаракатлар билан ҳам машғул бўлган", - дейди аксилтеррор хизмати ходими.
Ал-Нўъмоннинг сўзларига қараганда, Абдул Носир Қардошнинг қўлга олиниши "Ироқ махсус хизматлари томонидан Ислом давлатига қарши кураш бўйича халқаро коалиция, жумладан АҚШ билан ҳамкорликда амалга оширилди ". Қардош қўлга олинган пайтда Сурияда бўлган.

"У берадиган ахборотлар бизга гуруҳни молиялаштираётган манбаларга чиқиш, шунингдек бошқа етакчилар ва ташкилотнинг яқин келажакдаги режалари хусусида кўплаб муҳим маълумотларга эга бўлишда ёрдам беради. Ироқ махсус хизматлари ихтиёридаги мавжуд хабарларга кўра, ҳозирги пайтда ИД террорчиларига Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қуроший бошчилик қилмоқда. Шунингдек, бу лавозимга яна 5 нафар номзод даъвогарлик қиляпти. Гуруҳ таркибидаги бундай муҳим шахснинг асир олиниши ташкилотни анча кучсизлантиради. Қолаверса, бу натижа террорчиларни қўрқувга солиши тайин, чунки улар энди исталган пайт одил суд қўлига тушишлари мумкинлигини ҳис этиб туришади", - дея қўшимча қилган амалдор.

Қайд этилишича, Мосул ва унга чегарадош ҳудудлар тозалангандан сўнг омон қолган террорчиларнинг асосий қисми саҳроларда ва Ироқнинг шимоли-ғарбий қисмидаги тоғли ҳудудларда яшириниб юрибди. Ал-Нўъмоннинг айтишича, тез кунларда ушбу ҳудудларда ИД қолдиқларини бартараф этиш бўйича мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли операциялар ўтказилиши режалаштирилган.

Ироқ миллий разведкаси чоршанда куни ИДнинг йўқ қилинган раҳбари ўрнини эгаллаши мумкин бўлган эҳтимолий шахслардан бири Абдулла Қардош ушлангани ҳақида хабар берганди.

Ислом давлати собиқ бошлиғи Абу Бакр ал-Бағдодийнинг АҚШ махсус хизматлари томонидан Суриянинг Идлиб провинциясида уюштирилган махсус операция натижасида ўлдирилганлиги тўғрисида эса 2019 йил октябрда Америка президенти Дональд Трамп эълон қилган эди. Ўшанда Трамп ал-Бағдодийнинг йўқ қилинишида кўрсатган ёрдами учун Россия, Туркия, Сурия ва Ироққа миннатдорлик билдирган. Террорчи гуруҳлар тарафдорлари билан боғлиқ бир сайтда ИД ҳам ўз етакчиси ҳалок бўлганини тасдиқлаган.


2 818
ЎзА