ЎзА Ўзбек

17.09.2019 Чоп этиш версияси

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган отишма оқибатида қирғиз чегарачиси ҳалок бўлди, яна олти аскар яраланган.

Бу ҳақда бугун Қирғизистон Давлат чегара хизмати тарқатган баёнотда айтилган. 

“Чегара ҳодисасида тожикистонликлар томонидан граната ўқлардан отиш пайтида, “Бору“ махсус кучлари хизматчиси, Давлат чегара қўриқчиси ҳалок бўлди, олти ҳарбий хизматчи яраланган“, дейилади баёнот матнида. 

Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, ярадорларнинг барчаси Боткен вилояти Исфана шаҳридаги туман касалхонасига етказилган.

Баёнотда қўшимча қилинишича, “икки ҳарбий хизматчининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда“.

ТАССнинг Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматига асосланиб ёзишича, бугун Қирғизистон бош вазири Муҳаммедқалий Абилгазиев Тожикистон билан чегарага етиб келган. Унга бош вазир ўринбосари Жениш Раззоқов ва Давлат чегара хизмати раиси Уларбек Шаршеев ҳамроҳлик қилмоқда. Агентлик суҳбатдошига кўра, Aбилгазиев республиканинг чегарадош минтақалари аҳолиси билан учрашишни, шунингдек, чегарадаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказишни режалаштирган. 

Қирғиз томонининг билдиришича, чегарада отишма 16 сентябр куни кечқурун бошланган. Бунга тожикистонлик фуқаролар томонидан баҳсли ҳудуд ҳудудида объект қурилиши сабаб бўлган. Тожикистон аскарлари нафақат қуроллар, балки миномётлардан ҳам фойдаланганлар.

Душанбе ҳам чегара ҳодисасида қурбонлар борлигини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг узунлиги 970 километр. Бугунги кунга қадар томонлар 519 километр чегара чизиғини тасдиқлаган. 

2 921
ЎзА