ЎзА Ўзбек

10.01.2020 Чоп этиш версияси

Қирғиз-тожик давлат чегараси ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига олинган

Қирғиз-тожик давлат чегараси ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига олинган

Қирғизистон бош вазири Мухаммадкалий Абулгазиев Баткен вилоятида юз берган ҳодисадан сўнг қирғиз-тожик давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни кучайтириш борасида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириқ берди.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматининг тарқатган хабарига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларига чегара жойларида доимий равишда патруллик қилиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш вазифаси топширилди.

Бош вазир ўринбосари Жениш Разақовга икки мамлакатнинг тегишли давлат идоралари иштирокида музокаралар жараёнини тезлаштириш юзасидан топшириқ берилди.

Қирғизистон ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, томонлар аввал эришилган давлатлараро ҳамкорлик музокараларига содиқ қолиши ва чегара туманларидаги хавфсизликни мустаҳкамлаши керак.

Маълумот ўрнида, 9 январдан 10 январга ўтар кечаси қирғиз-тожик чегарасидаги Баткен вилояти ҳудудда маҳаллий аҳоли ўртасида можароли ҳолат юз берган эди.

Можароли вазият Тожикистон фуқароларининг Қирғизистон фуқаросига тегишли бўлган автомашинага тош улоқтиргани оқибатида келиб чиққан.

Ҳар икки мамлакат расмий идораларининг тарқатган хабарига кўра, чегарадаги вазият ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига олинди ва маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

2 035
ЎзА