Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 16:44 Чоп этиш версияси

“Интернет-гигантлари ўз даромадларидан матбуотга улуш берсин!”

“Интернет-гигантлари ўз даромадларидан матбуотга улуш берсин!” Жаҳонга машҳур ахборот агентликлари Европарламентга шундай мурожаат билан чиқди

Ғарбнинг 18 та ахборот агентлиги (улар орасида ТТ, “Франс Пресс”, “Анадўли” ахборот агентликлари бор) раҳбарлари Европарламентга мурожаат билан чиқди. Уларнинг даъвосига кўра, журналистлар меҳнатини “Amazone”, “Google” ва “Facebook” каби интернет-гигантлари суиистемол қилмоқда.

“Матбуот яшаб қолиши учун интернет-гигантлари ўз даромадларидан улуш ажратиши лозим. Оммавий ахборот воситалари томонидан яратилган материаллар, рекламалардан тушаётган даромадларни “Google” ва “Facebook” монополлаштираётган экан, кўрилган фойданинг маълум қисмини матбуотга тақсимлаш адолатли бўлади. Ва бу таклиф Европанинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш директиваси томонидан маъқулланган ҳам...

“Google” ва “Facebook” интернетдаги глобал кўламдаги реклама инвестицияларининг 80 фоизини ўзлаштирган. Матбуотнинг эса рекламадан кўрадиган даромади йилдан-йилга камайиб кетмоқда. Мисол учун, 2000 йилда Франция босма нашрларининг рекламадан оладиган фойдаси 70 фоизга камайиб, оқибатда минглаб журналистлар ишсиз қолган. АҚШда ҳам шундай ҳолат кузатилиб, сўнгги ўн йилда таҳририятларда иш ўрни 45 фоизгача қисқариб кетган...”

РИА Новостининг ёзишича, шу каби талаб ва таклифлар акс этган мурожаат матни Афина ахборот агентлиги томонидан чоп этилган бўлиб, жорий йилнинг 12 сентябрида Европарламент депутатлари матбуот манфаатига алоқадор ушбу масалани кўриб чиқиши кутилмоқда.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА