ЎзА Ўзбек

17.06.2019 12:59 Чоп этиш версияси

Ҳиндистон шарқида ўткир юқумли касаллик тарқалмоқда

Ҳиндистон шарқида ўткир юқумли касаллик тарқалмоқда

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқий штати Бихарда тарқалган ўткир энцефалит касаллиги 100 кишини ҳаётдан олиб кетди, уларнинг аксарияти болалардир, дейилади NDTV телеканали хабарида. 

Аввалроқ, қурбонлар сони 83 нафарлиги маълум қилинган эди. 

Қайд этилишича, штатнинг Музаффарпур округи касаллик тарқалиши энг кўп кузатилаётган ҳудуд сифатида қолмоқда. Ҳозирда округ шифохоналарида 290 нафар бола назорат остида. Беморлар аҳволи оғир.

Шифокорлар ўткир энцефалит тарқалишини ҳудудда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво ва юқори намгарчилик билан изоҳлаган. Мутахассислар аввал бошда энцефалит белгиларини личи меваларидан заҳарланиш аломатлари билан адаштиргани ҳам вазият жиддий тус олишига сабаб бўлган. 

Хабарда аниқлик киритилишича, сўнгги ҳафталарда Бихарда мавсумга хос бўлмаган жазирама сақланиб турибди. Термометр 40 даража иссиқни кўрсатмоқда.

Кечикаётган муссонлар Ҳиндистонда давомли жазирамани келтириб чиқарган. Синоптикларга кўра, 30 кун давомида иссиқ об-ҳаво шароити мамлакатнинг марказий ва шимолий ҳудудларига ҳукмрон бўлади. 

Маълумот ўрнида, ўткир энцефалит синдроми (AES) ўткир вирус касаллиги бўлиб, у беморда юқори ҳарорат, бош оғриғи ва шайтонлаш каби белгиларни намоён қилади. 

ЎзА
2 903