ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Ҳиндистон Ғарбий Бенгалияни тиклаш учун маблағ ажратди

Ҳиндистон Ғарбий Бенгалияни тиклаш учун маблағ ажратди

Ҳиндистон ҳукумати "Ампан" циклонидан жабрланган Ғарбий Бенгалия штатини қайта тиклаш учун 10 миллиард рупий (тахминан 133 миллион доллар) ажратадиган бўлди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Нарендра Моди баёнот берди.

Моди кеча, жума куни табиий офатдан азият чеккан штатга борди, ҳаводан туриб вайран бўлган жойларни кузатди, ҳудудда бир қатор учрашувлар ўтказди.

"Ғарбий Бенгалияга 10 миллиард рупий берилади. Қайта тиклаш, реконструкция қилиш билан боғлиқ барча масалалар кўриб чиқилади. Биз ҳаммамиз Ғарбий Бенгалия олдинга ҳаракатланишини хоҳлаймиз. Марказ мана шундай синов даврида ҳудудни мунтазам қўллаб-қувватлайди. Бенгалия яна оёққа туриб олиши учун биргаликда ишлаймиз", - деди Моди штат раҳбари Мамата Банержи билан биргаликда иштирок этган матбуот анжуманида.

Бош вазир, шунингдек циклон пайтида ҳалок бўлганлар оиласига 200 минг рупий (2,6 минг доллар атрофида)дан ва жароҳатланганларнинг ҳар бирига 50 минг рупий (тахминан 660 доллар)дан ажратилишини эълон қилди.

Штат катта вазири Мамата Банержининг маълумотига қараганда "Ампан" циклони оқибатида камида 80 фуқаро ҳалок бўлган. Уларнинг 61 нафари қишлоқ жойларида, 19 киши эса Калькуттада яшаган.

Бенгал кўрфазида ўтган шанба куни ҳосил бўлган циклон чоршанба куни қуруқликка кўчди. Тезлиги соатига 125 километргача чиққан кучли шамол йўлида учраган дарахтларни қўпориб, уйларни ағдариб, тўхтаб турган машиналарни кўтариб ташлади. Паст саҳнлар сув билан қопланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Калькуттанинг аксарият қисми электр таъминотидан узилган. 500 дан зиёд дарахт, бир неча юз электр, 1000га яқин мобил алоқа узатув миноралари қулаган. Заиф иншоотлар вайрон бўлган. Авалроқ Банержи хоним циклон туфайли штат 1 триллион рупий (13,3 миллиард доллар)дан кўпроқ зиён кўришини айтганди.


1 561
ЎзА