ЎзА Ўзбек

25.04.2020 Чоп этиш версияси

Германиянинг коронавирусга қарши курашиш усуллари экспертлар таҳлилида

Германиянинг коронавирусга қарши курашиш усуллари экспертлар таҳлилида


Германия халқаро экспертлар томонидан “COVID-19”га қарши самарали курашиш бўйича нафақат Европа, балки бутун дунёда пешқадамлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Нима учун олмон юртида ушбу касалликдан нобуд бўлиш ҳолатлари нисбатан жуда кам? “Гангельт мўъжизаси“ деган тушунча нимани англатади? Келинг, хорижий интернет сайтларида эълон қилинган материаллар асосида шу каби саволларга жавоб қидирамиз.

SARS-CoV-2 аталмиш глобал пандемия билан курашиш стратегияси бутун дунёда, деярли бир хил мазмунга эга. Швеция, Беларусь каби саноқли давлатларгина бундан мустасно бўлиши мумкин. Ҳамма жойда чегаралар, ўқув муассасалари ёпиқ, кафе, ресторанлар, барча жамоат жойлари фаолияти тўхтатилган, ҳар қандай оммавий тадбирлар бекор қилинган, ўз-ўзини ҳимоялаш, карантин ва бошқа шаклдаги чекловлар ўрнатилган. Ажабо, бу борадаги чора-тадбирлар кўриниши ва моҳияти жиҳатидан бир-бирига ўхшаш бўлса-да, негадир коронавирус инфекциясига қарши курашда эришилаётган натижалар салмоғи турли мамлакатларда турлича. Шу билан бирга иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ҳар хил.

Тан олиш керак, пандемия шароитида аҳоли жуда зич жойлашган ва табиийки, шунинг оқибатида “COVID-19”дан энг кўп зарар кўраётган кўҳна қитъа мамлакатлари орасида Германия анча яхши натижаларга эришмоқда. Ҳар ҳолда, жаҳонда ўзига хос нуфузга эга бўлган Лондоннинг “Deep Knowledge Group” (DKG) фонди экспертлари олиб борган изланишлар натижаси шундай хулосага келиш имконини беради. Масалан, ГФР жаҳоннинг пандемия давридаги энг хавфсиз давлатларини аниқлаш мақсадида тузилган рейтингда Исроилдан кейин 2-ўринни эгаллади. Мазкур рўйхатнинг бошидаги 40 мамлакат орасида Россия, АҚШ, Буюк Британия, шунингдек Италия ва Испания сингари дунёнинг етакчи давлатлари йўқлиги ажабланарли эмас. Зеро, бу юртлар ҳақли равишда “коронавирус таҳдиди“га энг кўп дучор бўлган ва оқибатда берилган қурбонлар бўйича ҳам статистикани “бошқариб бораётган” Топ-20 таркибига киритилган.

photo_2020-04-25_11-26-49 (2).jpg

Ҳа, Германияда, гарчи, вирус юқтиргани аниқланган фуқаролар сони 155 мингдан ошиб кетган эса-да, касалликдан нобуд бўлганлар нисбатан кам – 5700 дан зиёдроқ. Мамлакат клиникалари жонлантириш бўлимларидаги ўринлар заҳираси керагидан ортиқ, тиббиёт ходимлари етарли. Тиббий жиҳоз, ускуналар, дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича ички имкониятлар мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қондиради. Энг муҳими, бундай шарт-шароитлар нафақат йирик шаҳарлар миқёсида, балки федерациянинг барча минтақалари кесимида муҳайё. Бошқача айтганда, мабодо Германиянинг ўзида ҳаракатланиш чекланган, минтақа, вилоятлараро ўз-ўзини ҳимоялаш бўйича кескин тартиблар қатъий жорий қилинган тақдирда ҳам ҳудудий ерлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар қандай муаммони ўзлари ҳал эта оладилар. Ҳукуматлар эса, хоҳ федерал хоҳ минтақавий миқёсда бўлсин, танг вазиятдан муваффақиятли ўта оладилар. Германияда коронавирусдан соғайганлар 100 мингга яқинлашди. Бу кўрсаткич борган сари беморларнинг умумий миқдорига қараб ўсиб бормоқда. Инфекциядан ҳалок бўлаётганлар сони жами хасталарга нисбатан у даражада юқори эмас. Қолаверса, АҚШни ҳисобга олмаганда, ушбу мамлакат фуқаролари энг кўп тестдан ўтказилган — 1,73 миллионга яқин.

Мутахассислар статистикасида фуқароларнинг коронавирусдан зарарланиш коэффициентини билдирадиган, “R” ҳарфи билан белгиланадиган кўрсаткич Германияда 1 дан паст, яъни тахминан 0,7 бирликни ташкил этмоқда. Бу мамлакатда бир вирус ташувчининг зараркунандани бошқаларга юқтириш эҳтимоли бир кишидан ҳам кам эканини англатади. Демак, янги касалланаётганлар бўйича кўрсаткич борган сари камаймоқда.

Табиийки, шу ўринда ҳақли саволлар туғилади. Германия қандай қилиб коронавирус хавфсизлиги бўйича дунё рейтингида юқори ўринлардан бирида эътироф этилган ягона Европа мамлакатига айланди? Қандай қилиб ушбу давлат танг ҳолатни бошқариш бўйича жаҳон етакчилари сафига кўтарилди?

Таҳлиллар бу саволларга жавоб топишда бизга кўмаклашиши мумкин.

photo_2020-04-25_11-26-49.jpg

Германия нафақат эпидемия даврини муваффақиятли ортда қолдиряпти, балки иқтисодиётни ҳам, коллапс юз беришига йўл қўймасдан, изга тушира бошлади. Бунга бизнесга кўмаклашиш мақсадида мисли кўрилмаган миқдордаги молиявий ёрдам ажратиш орқали эришилди. Яъни, март ойи охирларида ҳукумат турли чора-тадбирларни молиялаштириш учун 156 миллиард евро миқдорида маблағ сарфлади. Фақат ўз-ўзини банд қилган фуқаролар учун 50 миллиард евро ажратилди. Иқтисодий барқарорлик фонди бизнес субъектларига 400 миллиард евро миқдорида кредит кафолатларини тақдим этди. Банкрот хавфи соя солиб турган корхоналарга 100 миллиард евро берилди. Ривожлантириш дастурлари учун яна 100 миллиард евро йўналтириш кўзда тутилган.

Германия Миллий соғлиқни сақлаш тизими ўз фаолияти самарадорлигини яққол намоён қилди. Ҳукуматнинг интилишлари туфайли мамлакат иқтисодий жиҳатдан барқарор даражани сақлаб турибди. Гарчи, федерал миқёсда карантин чоралари 4 майгача сақланса-да, дўконларни очишга рухсат этилди. Май ойи бошидан мактаблар, олий ўқув юртлари, сартарошхоналар очилади. Ҳукумат яқин орада “пандемия билан курашиш чоралари сақланган ҳолда, чекловларни аста-секин ва кам-кам“ бекор қилиш тартибига ўтилишини эълон қилди.

Бундан ташқари, немис халқининг темир интизомини, яъни одамлар ҳукумат ва соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча кўрсатмаларига қатъий риоя қилганини ҳам унутмаслик керак.

Умуман олганда, Германия аҳолисининг 64 фоизи ГФР канцлери Ангела Меркель ва унинг ҳукумати томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлардан қониқиш ҳис қилган. Бу Ангела хоним ўзининг мамлакат раҳбарлигидаги тўртинчи муддати давомида эришган энг юқори кўрсаткичдир.

Германияда коронавирусдан ўлим ҳолати камлигининг 3 омили

Бундан 10 кунча олдин Американинг “The New York Times” газетасида “Немисча истисно(ми?)“ сарлавҳали мақола чоп этилганди. Ўша материал кўплаб хорижий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Мақолада келтирилган қиёсий маълумотлар ҳали-ҳамон ўз қимматини йўқотмаган, яъни солиштирма рақамлар нисбатида, деярли ўзгариш йўқ.

Масалан, Германияга қўшни Нидерландияда 17 миллион аҳоли яшайди ва қурбонлар сони бўйича голландлар немислардан бирозгина ортда қоляпти – 4200 атрофида. Яна бир чегарадош ҳудуд — 11,5 миллион киши истиқомат қиладиган Бельгия вирусдан ҳалок бўлганлар статистикасида 6600 лик довондан ошиб, Германиядан ўзиб кетди. Бинобарин ГФР аҳолиси бугунги кунда 83 миллион атрофида. Италия ва Испанияга тааллуқли даҳшатли рақамларни эса Германия билан таққослаш умуман ўринсиз. Франциядаги аҳвол ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Кейинги кунларда АҚШда бир суткада 2-2.5 минг киши COVID-19 оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Яъни, окаен орти давлатида бир ярим суткада қайд этилган қурбонлар сони Германиядаги жами кўнгилсиз ҳолатларга тенг.

Касалланганлар сони бўйича кучли бешликда қойим бўлган Германияда ўлим ҳолатлари нисбатан жуда кам эканлигини эътироф этаркан, мутахассислар Берлин ахборот ва рақамлар борасида тўлиқ очиқ сиёсат юритаётганини таъкидлайди. Айтишларича, бу ерда статистика мутлақо минтақавий ҳукуматлар томонидан юритилади, марказ эса шунчаки маълумотларни умумлаштиради. Ҳеч ким ҳеч нарсани яширмайди, сохталаштирмайди. Демак, қандайдир камайтириб ёзишлар тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Машҳур “Deutsche Welle” нашрининг билдиришича, Германияда COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кутилганидан анча камлигини таъминлаган 3 та асосий омилни кўрсатиш мумкин. Тан олиш керак, сабабларнинг бирида немисларга омад келиб боққан: бу вирус тарқалиши хусусияти билан боғлиқ. Қолган икки омил эса юқори даражали соғлиқни сақлаш тизими ҳамда аҳолининг юксак интизомида акс этди.

1. Вируснинг тарқалиш хусусияти, деганда нимани тушуниш керак? Гейдельберг университети клиникасида вирусология бўлимини бошқариб келаётган профессор Ханс-Георг Кройсслихнинг айтишича, гап шундаки, Германияда “ҳаммаси эпидемиянинг тоғ чанғичилари орасида тарқалишидан бошланди“. ГФРда эпидемияга қарши курашни давлат муассасаси сифатида мувофиқлаштирувчи тузилма ҳисобланган Роберт Кох номидаги институт (RKI) тақдим этган маълумотга кўра, мамлакатда COVID-19 касаллигига чалинганларнинг аксарияти, аниқроғи, тахминан 70 фоизи 15-59 ёш оралиғида. Инфекцияга дучор бўлганларнинг ўртача ёши 49 ёш экани ҳам аниқланган. Хуллас, кескин чоралар, чекловлар ва карантин тартиби жорий этилганга қадар вирусни, асосан, қарияларга нисбатан кучлироқ иммунитетга эга бўлган ёшлар ва ўрта ёшлилар юқтириб олишган. Уларнинг кўпчилиги таътил даврини Италия ва Австрия тоғ-чанғи курортларидаги бар, дискотекаларда ўтказган кишилар эди. Бунга мисол сифатида Ишгль тоғ-чанғи дам олиш маскани келтирилган. Дам олувчилар, ўз навбатида уйларига қайтиб келгач, вирусни атрофидагиларга ўтказишган.

2. Жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида энг кучлилар қаторида эътироф этилувчи немис тиббиёти COVID-19 билан курашга тайёргарлик кўришга улгурди. Шифохоналарда инфекция юқтирган беморларни қабул қилиш учун қўшимча жойлар ҳозирланди, шошилинч иш жадваллари тузилиб, навбатчи шифокорлар, ҳамширалар тайинланди, имкон даражасида кун сайин эҳтиёж кучайиб борган маҳсулотлар – ниқоблар, ҳимоя кийимлари ва дори-дармон воситалари заҳираси жамғарилди. ГФР Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 мартдаёқ 10 000 дона ўпкага сунъий ҳаво юбориш ускунасига буюртма берди. Чунончи, ўша пайтда Германияда 25 000 шундай аппарат мавжуд эди. Холисона айтганда, немис шифокорлари Европанинг бошқа давлатларидаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, оғир беморларнинг қай бирига сунъий нафас бериш механизмини улаш кераг-у, қай бири қазосини кутиб ётади мазмунидаги танловга ҳеч қачон рўбарў келмайди. Ҳозирги мураккаб вазиятда ҳам мамлакат бўйича интенсив терапия бўлимларида 10 000 га яқин бўш ўринлар бор. Ахир, немис клиникалари COVID-19 касаллигига чалинган юзлаб хорижлик беморларни — Франция, Италия ва Нидерландия фуқароларини қабул қилаётгани бежиз эмас!

3. Азалдан ўта интизомли халқ сифатида ном қозонган немислар навбатдаги қийин вазиятда ҳам ўз анъаналарига содиқ қолишди: Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмалари ва ҳукумат қарорларига сўзсиз итоат этишди. ОАВда эълон қилинаётган, ушбу давлатда SARS-CoV-2 оқибатида юз бераётган ўлим ҳолатлари бошқа Европа мамлакатларига нисбатан жуда кам эканлиги тилга олинган барча мақолаларда ГФР аҳолиси ўз хоҳиши билан фаол тест топшираётгани ҳам алоҳида таъкидланмоқда. Бугунги кунга келиб олмон юртида қитъадаги кўлами жиҳатидан мислсиз миқдорда — 1,73 миллион тест ўтказилгани ҳам фикримизга далил бўла олади. Муҳими бу ҳам эмас. Ҳайратланарли жойи шундаки, вирусдан зарарланган ҳар 7 кишининг 6 нафари амбулатория шароитида даволанмоқда. Бошқача айтганда, уйларида муолажа олаётган фуқаролар юксак интизом намунасини кўрсатиб, ўз-ўзини ҳимоялашга қаратилган кўрсатмаларни тўла-тўкис бажаряпти. Беморлар айнан шу йўл билан оила аъзолари, атрофидагилар ва қолаверса, бутун соғлиқни сақлаш тизимига офатни енгишда кўмаклашмоқда.

“Гангельт мўъжизаси“: Германия ҳам жамоавий иммунитет ҳосил қилишга уринмоқда

Германияда мутахассислар айни пайт тахминан бўлса-да, аҳолининг неча фоизи ўзи билмаган ҳолда, ташқи белгиларсиз SARS-CoV-2 коронавирусини ўз танасидан ўтказиб юборганини аниқлашга ҳаракат қилишяпти.

Масалан, апрель бошларида Мюнхен университети олимлари ва талабалари полиция кўмагида ўзига хос тадқиқот ўтказа бошлашди. Шаҳар аҳолисига кўнгилли равишда қон топшириш таклиф этилди. Шу йўл билан организмда “COVID-19”га алоқадор ёт таначалар бор ёки йўқлиги аниқланади. Ой охирига бориб дастлабки 4,5 та таҳлил натижалари тўпланади.

Тестдан ўтказилганларни танлаш тасодифга асосланган, манзиллар компьютерда қайд қилинади. Бу тадқиқот шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу тариқа Мюнхен аҳолиси орасида ўзи сезмаган ҳолда ушбу касалликни енгиб ўтган қанча одам борлиги ва шаҳарда қай тарзда жамоавий иммунитет шаклланаётгани ҳақидаги муайян хулосалар вужудга келади. Бундай иммунитет турлича номланяпти: популяцион иммунитет, оломон иммунитети, тўда иммунитети тарзида. Умуман олганда, бу – жамиятда инфекцияга самарали қарши туришнинг таркибида вирусга нисбатан шахсий иммунитет бўлган воситасидир. Фақат, гувоҳи бўлганингиздек, Швециядан фарқли ўлароқ, Германия жамоавий иммунитет ҳосил қилишга бошқача йўл билан интилмоқда. Ёдингизда бўлса, бу Скандинавия мамлакатида вирусга қарши фаол курашиш йўлидан чекинган ҳолда, шунчаки аҳолининг мавжуд эҳтимолий қисми касалликни ўз танасидан ўтказишини кутиш орқали жамиятда умумий иммунитет шакллантиришга қарор қилингани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганди.

Мюнхендаги изланишлар бир йилга мўлжалланган. Тадқиқотда иштирок этаётган шаҳар аҳолисидан мунтазам равишда, икки-тўрт ҳафтада бир марта қон ва интервью олинади. Шу йўл билан олимлар вирус тарқалишининг хоссалари ва ўзига хосликларини яхшироқ англаб олишни мақсад қилишган.

Маълумотларни тўплаш мақсади кўзланган худди шундай ҳаракатлар мамлакатнинг эпидемия қўзғалиши ўзгача шакл ва моҳият касб этган бошқа ҳудудларида ҳам олиб борилади.

Масалан, Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерига қарашли Хайнсберг округида жойлашган Гангельт шаҳарчасида худди шундай тадқиқот 31 мартда бошланган. Бу ҳудудда пандемия Германиянинг бошқа минтақаларига қараганда тахминан уч ҳафтача олдин ўзини намоён қилган. 300 га яқин одам 15 февраль куни бўлиб ўтган кечки карнавал чоғида бирданига хасталангани ҳам исботланган. Жами 42 минг аҳоли истиқомат қиладиган, ОАВ томонидан “Немис Ухани“ деб ном берилган Хайнсберг округида қарийб 1,4 минг киши зарарланган. Ҳозиргача беморларнинг 50 нафари вафот этган.

Бонн университети Тиббиёт факультетининг Вирусология ва ВИЧ тадқиқотлари институти олимлари Гангельт шаҳрининг ихтиёрий равишда танланган 1000 нафар фуқаросидан қон, бурун суюқлиги таҳлиллари ва интервью олишди. Шу кунларда институт раҳбари профессор Хендрик Штреек дастлабки натижалар аён бўлишидан умидвор. Бинобарин, аллақачон Гангельтнинг 15 фоиз аҳолиси коронавирусга дучор бўлиб, ташқи белгиларсиз касалликни енгиб ўтган. Демак вирусга дош берган шунча одамда жамоавий иммунитет шаклланган.

Вирус юққанларнинг кўпчилиги шифокорга мурожаат қилмаган, чунки уларда хасталикнинг одатий белгилари кузатилмаган. Агар кишилар оммавий тарзда тестдан ўтказилмаганда, бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги ҳам аниқ эди.

Интернет материаллари асосида

Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади


2 576
ЎзА