ЎзА Ўзбек

25.07.2020 Чоп этиш версияси

Германиялик олимлар коронавирус қанча масофадан юқиши мумкинлигига ойдинлик киритди

Германиялик олимлар коронавирус қанча масофадан юқиши мумкинлигига ойдинлик киритди

Германиялик олимлар Шимолий Рейн-Вестфалия ўлкасидаги гўшт комбинатида коронавирус тарқалишининг сабабларини ўрганиб, шундай хулосага келди. Корхонада коронавирус юқиши саккиз метрлик масофада юз берган, дейилади Гелмголс номидаги юқумли касалликларни ўрганиш маркази (HZI) сайтида эълон қилинган матбуот хабарномасида.

Гап Гютерсло округидаги Tönnies концернининг гўштни қайта ишлаш корхонасида коронавирус кенг тарқалгани ҳақида кетмоқда.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, бу ерда 1,5 мингдан зиёд ишчилар бир вақтда коронавирусга чалинган. Шимолий Рейн-Вестфалия соғлиқни сақлаш вазири Карл-Ёзеф Лауманнинг маълум қилишича, Гўшт комбинатида COVID-19 инфекциясига чалиниш билан боғлиқ икки мингга яқин ҳолат қайд қилинган.

Матбуот хабарномасида таъкидланишича, олимлар май ойида корхонада рўй берган инфекция тарқалиши билан боғлиқ воқеаларни қайта таҳлил қилиб шуни аниқлашдики, коронавирус инфекцияси бир одамдан бир нечта одамга 8 метрлик масофада ҳам ўтар экан". COVID-19 тарқалиши асосан ҳаво айланиб турувчи совутилган хоналарда рўй берган.

"Бизнинг тадқиқотимиз SARS-CoV-2нинг иш кетаётган кенгликда қанча масофагача тарқалишига ойдинлик киритди. Бу ерда турли омилларнинг ўзаро комбинацияси коронавируснинг нисбатан катта масофада ҳам тарқалишига имкон яратиши маълум бўлди. Эндиги масала, ҳаётнинг бошқа соҳаларида қандай шароитда коронавирус бундан ҳам узоқ масофага тарқалиши мумкин, деган саволга жавоб топишдан иборат", - дея таъкидлади Брауншвейг техника университети профессори, HZI тадқиқот гуруҳи раҳбари Мелани Бринкманн.

Тадқиқот муаллифларидан яна бири Генриха Петте (HPI) номидаги экспериментал вирусология институтининг тадқиқот гуруҳи раҳбари профессор Адам Грундхоффнинг таъкидлашича, тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, корхоналарда коронавируснинг катта масофага тарқалишига ҳароратнинг пастлиги ва зарурий миқдорда тоза ҳаво етказиб берилмаслиги каби омиллар сабаб бўлар экан.

"Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, дунёдаги барча гўшт ёки балиқни қайта ишлаш корхоналарида эпидемиянинг кенг тарқалишида ушбу омиллар муҳим аҳамият касб этади. Хулоса шуки, бундай шароитда инфекция юқтирмаслик учун 1,5 метрдан то 3 метргача масофа сақлаш етарли эмас экан», - деди у.

13 887
ЎзА