ЎзА Ўзбек

09.05.2020 Чоп этиш версияси

Германияда ўзбек аскарлари хотирасига ёдгорлик тоши ўрнатилди

Германияда ўзбек аскарлари хотирасига ёдгорлик тоши ўрнатилди

Мамлакатимизда ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотираси ёд этилади, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган ватандошларимизга эътибор ва эҳтиром кўрсатилади. Бу юртимизда том маънода миллий анъанага айланган.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ҳам фашизмга қарши жангларда мардлик кўрсатиб, юрт озодлиги учун қурбон бўлган ватандошларимиз қабрларини топиш, хотираларини абадийлаштириш борасида ибратли ишларни амалга оширмоқда.

Жумладан, Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал еридаги Штукенброк шаҳарчасида уруш йиллари барпо этилган “Шталаг 326” (Stalag 326 VI K Senne) ҳарбий лагери музей ва архив ташкилоти билан биргаликда олиб борилган изланишлар натижасида 1941-1945 йилларда ушбу лагерга келтирилган ватандошларимизга оид ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ўзбек аскарлари ҳақида қимматли маълумотлар тўплашга муваффақ бўлинди.

“Шталаг 326” уруш вақтида ташкил этилган 18 та ҳарбий лагердан бири сифатида фашистлар Германияси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бу ердаги асирлар ишчи кучи сифатида сақланган, улардан шафқатсиз равишда фойдаланилган. Масалан, саралаш мақсадида асирлар 6 км узоқликдан пиёда олиб келинган. Жисмонан бақувват, ишга яроқлилари асраб қолинган, нимжонлари эса... Уларни доимий азоблар билан қўрқувда сақлаш, иродасини синдириш мақсадида турли кўз кўриб-қулоқ эшитмаган усуллар билан қийнашган. Бугун ушбу лагер ҳудудида ташкил этилган музейдаги турли ашёлар, буюмлар, “тилсиз гувоҳ” сифатида фикримизга далил бўла олади.

Дастлаб 1941-1945 йилларда бу ерга олиб келинган 65 000 ҳарбий асирдан 360 нафари ўзбек бўлгани, улардан 35 нафари “Штукенброк” ҳарбийлар қабристонига умумий тарзда дафн этилгани аниқланганди. 2018-2019 йиллар мобайнида элчихонамиз ташаббуси билан “Шталаг 326” архиви материалларини ўрганиш натижасида яна 20 нафар ватандошимиз мазкур қабристонда “мангу ором” топгани маълум бўлди. Ўзбек ҳарбий асирларига оид сақланиб қолган аксарият ҳужжатларда ватандошларимиз суратлари, уларнинг шахсига оид маълумотлар сарғайиб кетган. Варақларга назар ташлаймиз: Сафаров Нурали 1912 йил Бухоро вилоятида туғилган, 1943 йил 5 мартда вафот этган, Рўзметов Абдураҳмон 1918 йил Тошкент вилоятида туғилган, 1944 йил 9 июлда вафот этган, Исаев Муса 1921 йил Самарқандда туғилган, 1943 йил 2 июнда вафот этган, Мирзааҳмедов Анорбой 1915 йил Тошкентда туғилган, 1944 йил 25 июлда вафот этган, Камолов Сафар 1902 йил Бухорода туғилган, 1945 йил 13 январда вафот этган. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Бугунги кунда “Шталаг 326” архиви ўзбек аскарларига оид маълумотларни аниқлашда давом этяпти. Вақти келиб, ушбу рўйхат ва ҳужжатлар асосида уруш йиллари бедарак кетган ва “Штукенброк” ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ватандошларимизнинг қариндошлари, яқинлари улар хотирасини ёд этиш мақсадида бу ерларга келишса, ажаб эмас.

Элчихона шу ерда дафн қилинган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш масаласида Германиянинг бир қатор мутасадди вазирлик, ташкилотлари билан келишгач, республикамиздаги “Zarafshan Golden Group” компанияси молиявий кўмагида маҳаллий фирма томонидан ёдгорлик тоши тайёрланди. Таъкидлаш жоиз, ёдгорлик тошига битилган “Ўзбек халқининг мард ўғлонлари хотирасига” ёзуви немис тилида ҳам туширилгани немис жамоатчилиги томонидан миннатдорлик билан қабул қилинди.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Германиядаги ватандошларимиз ва кенг жамоатчилик иштирокида махсус тадбир ташкил этилиб, ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилганди. Бугунги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалган короновирус пандемияси туфайли Германия томони таклифи билан ушбу тадбир ихчам шаклда ўтказилди.

Ёдгорлик тоши очилиши тадбирида иштирок этган Детмольд округи раҳбари Юдит Пиршер хоним мамлакатимизда уруш қурбонлари хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб шундай деди: “9 май Ўзбекистонда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши, бу тарихий аҳамиятга эга кунга, айниқса урушда қурбон бўлганлар хотирасига юксак ҳурмат кўрсатилиши мақтовга лойиқ. Иккинчи жаҳон урушида “Шталаг 326” ҳарбий лагерига келтирилган асирлар орасида 55 нафар ўзбекистонлик бўлгани маълум. Бугун биз улар хотирасига таъзим қиламиз. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари сафи йилдан-йилга камайиб бормоқда. Кўп хотиралар тарих варақларидан ўчиб кетган, бугунги авлод мудҳиш уруш ҳақида, афсуски, оз маълумотга эга. Шу боис ҳам уруш қурбонларининг сўнгги манзиллари, қабрларини топиш, номларини абадийлаштириш жуда хайрли иш.

Тадбир доирасида, марҳум аскар-ватандошларимиз ҳақига дуо ўқилиб, улар хотирасига ҳурмат, эҳтиром бажо келтирилди.

4 505
ЎзА