ЎзА Ўзбек

25.08.2019 Чоп этиш версияси

“G7” саммити доирасидаги кутилмаган таклиф: Украина гуруҳ таркибига киритиладими?

“G7” саммити доирасидаги кутилмаган таклиф: Украина гуруҳ таркибига киритиладими?

Кеча, 24 август куни “Катта еттилик” гуруҳининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун иштирокчи давлат вакиллари Франциянинг Биарриц шаҳрига етиб келдилар. Саммитнинг биринчи куни режалаштирилган ва режага киритилмаган учрашувлар билан якунланди. “France 24” телеканали хабарига кўра, икки кунлик учрашувнинг асосий музокаралари бугун, 25 август куни бўлиб ўтмоқда. 

Телеканал хабарида қайд этилишича, саммит музокаралари доирасида Россиянинг гуруҳга қайтиши билан “G8” мулоқот гуруҳини шакллантириш, халқаро майдондаги “савдо уруши”га барҳам бериш, глобал иқлим ўзгариши, Қрим масаласида Украина ва Россия ўртасидаги муаммоларга ечим топиш ҳамда бошқа кун тартибидаги қатор муаммоли масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан билдирилган Россияни “G7” таркибига киритиш таклифи саммит музокараларининг ҳал қилинадиган асосий масалаларидан бири ҳисобланади. 

“Bloomberg” хабарига кўра, саммит олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Европа Кенгаши раҳбари Дональд Туск гуруҳга Украинани аъзоликка қабул қилиш таклифини билдириши билан саммит муҳокамасига кўпчилик учун кутилмаган масалани киритди. Европа Кенгаши раҳбари ўз нутқида унинг ушбу таклифи АҚШ етакчиси Дональд Трамп ташаббусига зид эканлигини қайд этиб, 2014 йилда Қрим масаласи юзасидан гуруҳдан четлатилган Россия муаммо тўлиқ ечимини топмасидан қандай қилиб яна гуруҳга қайтиши мумкинлигини таъкидлади. 
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Дональд Тускнинг ушбу таклифи Европа Кенгашининг Россия─Украина можароларида Украинани қўллаб-қувватлаши асосида билдирилмоқда, дейилади “EАdaily” хабарида. 

Маълумот ўрнида, гуруҳнинг 2014 йилдаги саммити Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган вақтда, саммит иштирокчилари йиғилишни Россия президенти Владимир Путин иштирокисиз Брюсселда ўтказган. Россия учун кутилмаган ушбу ҳолатга Қрим масаласидаги Россия ва Украина ўртасидаги муаммоли вазият сабаб қилиб кўрсатилган. Бу эса ўз навбатида Россияни гуруҳни тарк этиши билан якунланган эди. 


4 666
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА