ЎзА Ўзбек

17.06.2019 16:14 Чоп этиш версияси

G20 учрашувида океандаги пластик идишларга қарши курашишга келишиб олинди

G20 учрашувида океандаги пластик идишларга қарши курашишга келишиб олинди

Японияда G20 учрашуви доирасида илк бор "катта йигирматалик" мамлакатлари атрофни муҳофаза қилиш вазирлари иштирокида дунё океанига тушаётган пластик чиқиндиларни камайтириш бўйича битим тузишга эришилди, дейилади "Deutsche Welle" хабарида. 

"Катта йигирматалик" мамлакатлари тегишли соҳа мутасаддилари қатнашган икки кунлик учрашув якунларига кўра, Япония атрофни муҳофаза қилиш вазири Есиаки Хараданинг баёнот беришича, мазкур шартномага мувофиқ, табиатнинг пластиклар билан ифлосланишига қарши кураш бўйича барча учун умумий қоидалар белгиланади.

Битимда атроф-муҳитнинг пластик чиқиндилар билан ифлосланишига қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган, ушбу соҳадаги инновацияларни қўллаб-қувватлаш, таҳлил ва кузатувлар илмий услубларини кучайтириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, битимнинг айрим бандларида ҳаракатлантирувчи кучлар аниқлиги етишмайди, ушбу шартларнинг бажарилиши кўнгилли асосда амалга оширилади. Бундан ташқари, йилига бир марта пластик чиқиндиларга қарши курашнинг бориши тўғрисида ҳисобот тайёрланади ва эълон қилинади.

"Greenpeace" Япония бўлими мутасаддиларининг айтишича, G20 саммитида эришилган мазкур битим муаммони ҳал этиш йўлидаги дастлабки қадам, яъни бу борада фақат кўнгилли ташаббусларга таяниб қолиш етарли бўлмайди. Пластик чиқиндиларга қарши курашда ҳамма учун мажбурий бўлган, аниқ белгиланган мақсад ва саъй-ҳаракатлар режаси билан мустаҳкамланган қоидалар қабул қилиниши зарур.

Маълумот ўрнида, дунё океани йилига қарийб саккиз миллион тонна пластик чиқинди қабул қилади. Энг катта хавф туғдирадигани микропластик , яъни денгиз жониворлари организмига тушадиган, беш миллиметрдан кам ҳажмга эга бўлаклардир. Бундай чиқиндилар инсон истеъмол қиладиган егуликлар таркибига ҳам қўшилиши мумкин.

ЎзА
1 780