ЎзА Ўзбек

14.04.2020 Чоп этиш версияси

“Форбс” Россиянинг энг бой 10 нафар миллиардерини эълон қилди

“Форбс” Россиянинг энг бой 10 нафар миллиардерини эълон қилди

“Forbes” журнали Россиянинг 2019 йил давомида активлар сотуви ва дивидендлар орқали энг кўп даромад олган ўн миллиардери номини аниқлади. Уларнинг бир йилдаги фойдаси жами 15 миллиард долларни ташкил этган.

"Биз доим аниқлайдиган энг бой бизнесменларнинг мавжуд активлари қиймати ва якуний сумма асосидаги анъанавий рейтинг, қайсидир маънода "виртуал рақамлар"ни келтириб чиқаради. Бу сафар биз вазиятга реал баҳо беришни маъқул кўрдик, аниқроғи миллиардерларнинг ўз активларини сотиш ёки дивидендлар орқали топган даромади - "нақд" пулларни ҳисобладик. Баҳоланган даромад, бу - ялпи даромад, яъни “gross”. Чалкашликдан ёки солиқ ставкаларидаги фарқдан қочиш учун солиқларни, кредитларга хизмат кўрсатиш учун сарфланадиган маблағларни ва турли-туман комиссия йиғимларини ҳисобламадик", - дейилади ҳисоботда.

Бу йил рўйхатга уч янги ном қўшилди – “Badoo” онлайн-танишув сервис хизмати асосчиси Андрей Андреев, бизнесмен Аркадий Ротенберг ва "Новатэк" асосчиси ва бошқаруви раиси ҳамда "Сибур" компанияси эгаларидан бири Леонид Михельсон.

Миллиардерлар ичида 1-ўринни йил давомида энг кўп фойда олган Андреев банд этди. Унинг даромадлари манбаси “Magic Lab” холдинги (“Badoo”, “Bumble”, “Chappy” ва “Lumen” онлайн-танишув сервис хизматларини бирлаштиради)даги улушини сотишдан шаклланди. Иккинчи ўрин бир йил аввалгидек “Brooklyn Nets” баскетбол клубининг 51 фоиз акцияси сотувидан наф кўрган "Онэксим" гуруҳи президенти ва эгаси Михаил Прохоров эгаллади. 

Учинчи ўринда "Норникель"нинг асосий эгаси ва раҳбари Владимир Потанин. Унинг даромади компания томонидан тўланган дивидендлар миқдори кескин ўсиши натижасида кўпайди.

НЛМК асосий хўжайини ва директорлар кенгаши раиси Владимир Лисин бу сафар дивидендлар ҳисобидан шаклланадиган даромади миқдорининг ўсиши олдинги йилга нисбатан бироз сусайгани сабабли, учинчи ўриндан бир поғона пастга, тўртинчи ўринга сурилди. Бешинчи ўринда жуда йирик актив - Керченск кўприги қурилишининг бош пудратчиси ҳисобланган "Стройгазмонтаж"ни сотган бизнесмен Аркадий Ротенберг.

Рейтингдан, шунингдек "Северсталь"нинг асосий эгаси ва директорлар кенгаши раиси Алексей Мордашов, “Evraz”нинг асосий акционери Роман Абрамович, "Лукойл" раҳбари ва эгаларидан бири Вагит Алекперов, "Новатэк" асосчиси ва бошқаруви раиси ҳамда "Сибур" компанияси эгаларидан бири Леонид Михельсон ҳам ўрин олган. Ўнликни, худди бир йил олдингидек бизнесмен Сулейман Керимов якунлаган.

"Лисин, Потанин, Мордашов ва Алекперовнинг даромади, аввало, ўз компанияларида юқори дивидендлар тўланиши билан боғлиқ. Михаил Прохоров, 2017-2019 йиллардаги каби активларини сотишда давом этяпти. Роман Абрамович ва Сулейман Керимов ўзларига тегишли корхоналардан олинган дивидендлар туфайли ва акцияларни сотиш эвазига бойиган", - деб ёзган журнал.

Нашр аниқлик киритишича, даромадларни баҳолашда 2019 йил 8 февралдан 2020 йил 18 мартгача бўлган давр таҳлил қилинган. Рақамлар солиқлар чегирилмасдан олдин қайд этилган. Миллиардерларнинг шахсий мулкларини сотишдан олган даромадлари ҳисобга олинмаган.


6 795
ЎзА