ЎзА Ўзбек

04.06.2018 12:33 Чоп этиш версияси

Фил сичқондан, “темир қуш” чумчуқдан қўрқади

Фил сичқондан, “темир қуш” чумчуқдан қўрқади
Куни кеча «Турк ҳаво йўллари»нинг Истанбул – Нью-Йорк йўналишида парвоз қилган самолёти қушлар галасига дуч келди. 

Нью-Йорк шаҳридаги Жон Кеннеди халқаро аэропортига қўнаётган самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетди. 350 нафар йўловчидан бирортаси зиён кўрмади, аммо самолётга шикаст етди. Самолётни кўздан кечирган «Boeing» компанияси мутахассислари ҳаво кемасининг Истанбулга қайтиши хавфли эканлиги борасида маълум қилди.

Ҳавода самолётларнинг қушлар билан тўқнашиб кетиш ҳолатлари оз бўлса-да учраб туради. Бир қарашда бу катта муаммо эмасдек туюлади. Бироқ...

02.jpg

“Мингта от кучига эга “темир қуш”га битта чумчуқ қарши бора олармиди?”, деган савол барчани кулгисини келтириши аниқ. Хулоса чиқаришда асло шошилиш керак эмас. Аэродромда турган самолёт учун чумчуқ ҳам, бургут ҳам хавфли эмас. Аммо ҳавога кўтарилган ёки ерга қўнаётган самолётлар учун битта чумчуқ катта таҳдид бўлиши мумкин. Бу каби тўқнашув “темир қуш” учун ҳам, оддий қуш учун ҳам фожеа билан тугаши мумкин. Самолёт 8–9 километр баландликка чиқиб олгачгина учувчилар ўзларини хотиржам ҳис қилишлари мумкин. Чунки бу каби баландликда қушлар парвоз қила олмайди.

Авиацияда “қушлар билан тўқнашув” (bird strike) деган ибора бор. Бу ибора ҳавода ёки ҳаракат вақтида учувчи аппаратлар (самолёт ёки вертолёт)нинг қушлар билан тўқнашувини англатади. Бу каби ҳолат ҳаво кемаларининг парвозига салбий таъсир кўрсатади. Тўғри, замонавий турбовинтли двигателлар шундай яратилганки, улар тез айлангани боис ташқи объектларга зудлик билан жавоб қайтара олади. Бироқ қушлар двигателга кириб қолса, вентиляторга таъсир кўрсатиши ва бунинг оқибатида двигателнинг ишдан чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

03.jpg

Ҳаво кемаларини қушлар билан тўқнашиб кетиши билан боғлиқ муамолар 50 йилдан бери ўрганиб келинади. Кўплаб мамлакатларда қушлар келтириб чиқарадиган муаммолар талафотини камайтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинади. Халқаро миқёсда эса Фуқаро авиацияси Халқаро ташкилоти (ICAO) ҳужжатларда бу муаммо акс этган. Парвозлар хавфсизлигини таъминлашда қушлар билан самолётларнинг тўқнашувини бартараф этиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Деярли барча мамлакатларда парвозлар хавфсизлигини орнитологик таъминлаш жорий қилинган.

04.jpg

Мутахассислар бу каби вазиятларни ҳар томонлама – биологик ва авиация-технологик жиҳатдан таҳлил қилиб чиқдилар. Маълум бўлишича, қушларнинг самолётлар билан тўқнашуви апрель–май ойларида, шунингдек, июль ва сентябрда кўпроқ қайд қилинар экан. Ноябрь ва декабрь ойларида камроқ кузатиларкан.

06.jpg

ICAO расмий маълумотларига кўра, биргина 2001 йилдан 2007 йилга қадар жаҳонда қушларнинг самолётларга келиб урилиши билан боғлиқ 42 минг 508 та ҳодиса қайд қилинган. Қушлар билан тўқнашув асосан кундуз кунлари рўй бериши айтилади. Бу ҳодисаларнинг 84 фоизи 100 метрлик баландликда, асосан, аэродромлар атрофида кузатилади. Шунингдек, қушларнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиши даврида ҳам самолётлар билан тўқнашиб кетиш ҳолатлари учраб туради. Мутахассисларнинг фикрича, парвозга энди ўрганаётган полапонларнинг самолётларга бориб урилиши кўпроқ кузатилади. ICAO бир йилда ўртача 5 мингта шу каби ҳодисаларни қайд қилади. Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, қушлар билан тўқнашув натижасида жаҳон авиакомпаниялари бир йилда ўртача 1 миллиард 200 миллион доллар миқдорида зарар кўради.

07.jpg

Самолётларнинг қушлар билан тўқнашуви авиация учун катта хавф экани тан олинади. Бу каби ҳодисалар авиа фожеаларга сабаб бўлиши, инсонларнинг ўлимига олиб келиши мумкин.

Самолётлар билан энг кўп чағалай(чайка)лар тўқнашиши тан олинади. Барча тўқнашувларнинг 35 фоизи айнан чағалайлар ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринда эса чумчуқлар турар экан. Бу қушлар ҳиссасига барча тўқнашувларнинг 17 фоизи тўғри келади. Кабутарлар ҳиссасига 16 фоиз тўғри келса, йиртқич ва сув паррандалари ҳиссаси 10 фоизни ташкил қилади. 7 фоиз тўқнашувларда қарғалар иштирок этади.
05.jpg

Ҳисоб-китобларга кўра, қушлар соатига 700 километр тезликда парвоз қилаётган самолётларга 50 миллиметрлик снарядларга нисбатан икки баробар кўп зарар етказар экан. Йўловчи самолёти ва қушлар ўртасидаги тўқнашувларнинг 40 фоизи двигателларга, 33 фоизи қанотларга, 16 фоизи учувчилар кабинасига, 7 фоизи фюзеляжга зиён етказади. Ҳарбий самолётлар билан юз берадиган ҳодисаларда эса қушлар 55 фоиз двигателларга, 11 фоиз фюзеляжга, 10 фоиз эса учувчилар кабинаси ойнасига, 14 фоизи эса қанот ва рулга бориб урилади.

Бугунги кунда мутахассислар самолётларни қушлардан муҳофаза қилиш устида иш олиб бормоқда. Қушларни қўрқитиш мақсадида двигателлар вентиляторларига махсус жиҳозлар ўрнатилади. Вентилятор айланганда қушларни қўрқитувчи самара яратади. Аэропортларда эса мутахассислар қушларни ҳайдаш борасида самарали меҳнат қилишмоқда. Бунинг учун аэропортларда махсус жиҳозлар ўрнатилган.

Илк бор қушларнинг самолёт билан тўқнашуви 1905 йилда юз берган. Ака-ука Райтлар учувчи аппаратда ҳавога кўтарилар экан, Орвилл Райт маккажўхори майдонида қушлар тўдасига дуч келганини ёзиб қолдирган. 1911 йилда француз учувчиси ўзининг Bleriot XI самолётида Париж – Мадрид йўналишида парвоз қилар экан, бургут билан тўқнашиб кетади. Охир оқибат учувчи тўппончаси билан қушни отиб ташлайди. Илк фожеа эса 1912 йилнинг 3 апрелида Калифорниянинг Лонг-Бич шаҳрида юз берди. Calbraith Perry Rodgers учувчиси қушлар тўдаси билан тўқнашади ва самолёт соҳилбўйига қулаб тушади. Учувчи ҳалок бўлади. 1960 йилда Eastern Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетгач Бостонга қулаб тушган эди.

2009 йилда US Airways авиакомпаниясининг самолёти ғозлар галаси билан тўқнашиб кетганидан сўнг Гудзон дарёсига қўнишга мажбур бўлган эди. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
8 531