ЎзА Ўзбек

18.03.2020 Чоп этиш версияси

Фавқулодда вазиятдан комендантлик соатигача бир қадам

Фавқулодда вазиятдан комендантлик соатигача бир қадам

Эквадор ҳукумати коронавирус сабабли ўтган сешанбадан бошлаб мамлакатда комендантлик соатини эълон қилди ва фуқароларнинг мамлакат бўйлаб сафарларини тақиқлайди, деди президент Ленин Морено.

“17 мартдан бошлаб соат кечқурун 9 дан эрталаб бешгача комендантлик соати эълон қилинади. 14 кун давомида халқаро транспортлар, мамлакат ичидаги самолёт парвозлари ва хусусий транспортларнинг юриши тўхтатилади“, — деб ёзди у Twitterдаги саҳифасида.

Озиқ-овқат ва дори-дармон харид қилишда машиналар ҳаракатига уларнинг рақамидан келиб чиқиб белгиланади. Душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари охири жуфт сон бўлган ва охири нол билан тугайдиган рақамга эга машиналар ҳаракат қилади, қолган кунлари тоқ сон билан тугайдиган рақамга эга машиналар юради.

Юк ва тиббий машиналар ҳаракати чекланмайди. Барча зарур хизматлар (соғлиқни сақлаш, алоқа, хавфсизлик) одатдаги тартибда фаолият кўрсатади. Комендантлик соатини эълон қилган мамлакат ёлғиз Эквадор эмас. Бугундан бошлаб Сербияда ҳам 65 ёшдан ўтган кишиларга коментдантлик соати эълон қилинди. Бу тадбирлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қилинмоқда, деди мамлакат президенти Александр Вучич.

Сербияда ўтган сешанба куни кечга бориб коронавирусга чалинганлар сони 72 кишига етди. Шу муносабат билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

“Аҳолининг хавфсизлигини сақлаш йўлида тўлиқ интизомни таъминлай олмаганимиз сабабли ноодатий қарор қабул қилишимизга тўғри келди. Ушби қарор инсонлар ҳаётини муҳофаза қилишга ёрдам беради… эртага маҳаллий вақт билан соат 10.00дан бошлаб ёши 65 дан ўтган кишиларнинг кўчага чиқиши тақиқланади“, — деди Вучич махсус уюштирилган матбуот анжуманида.

Ўтган душанба куни Сербия бош вазири Ана Брнабич коронавирус туфайли мамлакатда эълон қилинган фавқулодда вазият шароитида фуқароларнинг интизомга амал қилмаётганидан қаттиқ ташвиш билдирган эди ва жазо ҳамда жарималарни кучайтиришини айтган эди.
Сербияда ҳозир чегаралар ёпилган, хориждан келган сербияликларга уйдан чиқмай туриш уқтирилган. Агар бу тартиб бузилса, жарима солиниши айтилди. 

Шунингдек, армия чегаралар ва тиббиёт муассасаларини қўриқлашга жалб этилди. Ўтган душанба кунидан бошлаб болалар боғчалари, мактаблар, маданият ва спорт муассасалари ёпилди. Ҳукумат нарх-наволарни қаттиқ назорат остига олган.



823
ЎзА