ЎзА Ўзбек

14.07.2018 23:45 Чоп этиш версияси

Фаластин ҳудудидан Исроил жанубига юзга яқин ракета ва миналар отилди

Фаластин ҳудудидан Исроил жанубига юзга яқин ракета ва миналар отилди Шанба куни Фаластин ҳудудидан Исроил жанубига юзга яқин ракета ва миналар отилди. Уларнинг 20 дан ортиғи Исроилнинг ҳаво мудофааси томонидан тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда Исроил Ҳаво мудофааси қўмондони Генерал Цвика Хаймович маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Ҳарбийлар Ғазо минтақасидаги ҳаво зарбалари алмашинувини сўнгги тўрт йилдаги энг жиддий ҳолат дея баҳолашмоқда.

“Шу вақтга қадар Ғазо минтақасидан Исроилга тахминан 100 та ракета ва миналар йўналтирилди ва биз уларнинг 20 тасини ушлаб қолдик”, деди генерал хорижий журналистлар учун ўтказилган брифингда.

Хаймовичнинг сўзларига кўра, отишмани анклавдаги ХАМАС ва унга ғоявий яқин бўлган “Ислом жиҳоди” жангарилари амалга оширмоқда. Улар яқин узоқликка, яъни 10 метргача нишон оладиган снарядлардан фойдаланишмоқда. Лекин, уларда анча узоқни нишонга олувчи ракеталар мавжуд, деди генерал.

Ғазо чегараси бўйлаб ўрнатилган ракетага қарши тизимга қарамай, бир ракета Сдеротдаги уйга тушган ва оқибатда уч нафар маҳаллий аҳолини ярадор қилган. Исроил тарафидан қурбонлар йўқ.

Исроил авиацияси 13 июл тунидан буён 10 дан ортиқ нуқталарни ҳаводан ўққа тутмоқда. Бу билан Исроил ХАМАСнинг чегарадаги тартибсизликлари, ракетали ҳужумлари ва чегара бўйлаб портловчи моддалар билан тўлдирилган шарлар учиришига чек қўймоқчи эди. Фаластинлик шифокорлар икки кишининг ҳалок бўлганини ва 14 нафар ярадор борлигини хабар қилишган.

Эслатиб ўтамиз, Ғазо минтақасидаги масофадан туриб бошланган ва кейин ердаги ҳужумлар билан давом этган, охир оқибат кўча жангларига олиб келган энг йирик ҳарбий амалиётлар 2014 йил ёзида бўлиб ўтган. Ўшанда 2000 дан ортиқ фаластинлик ва 70 дан ортиқ исроиллик қурбон бўлганди.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
4 809