ЎзА Ўзбек

04.03.2019 18:50:40 Чоп этиш версияси

Европа бозорларида "Мade in Tajikistan" маҳсулотлари пайдо бўлади

Тожикистон расмийлари Европа Иттифоқидан савдода янги преференциялар олишдан манфаатдор эканликларини таъкидлашмоқда. Душанбенинг Бош преференциялар тизими плюс (GSP+) доирасида бир томонлама преференциялар тарифи олиш тўғрисидаги сўровига жавоб тариқасида бир гуруҳ Европа Иттифоқи мутахассислари Тожикистонга келди. 

"Улар мамлакатда олиб борилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишадилар", дея 1 март куни хабар берди Европа Иттифоқининг Тожикистондаги элчиси Мэрилин Йоcефсон фейсбукдаги саҳифасида.

Айни дамда Тожикистон Бош преференциялар (GSP) базасидан фойдаланади. Унга кўра, мамлакат Европа Иттифоқига божхона тўловларисиз 3000 та товар позициясини ва камайтирилган ставкалар асосида 3200 товар позициясини экспорт қила олади. 

Агар Европа Иттифоқи Тожикистонга GSP+ доирасида преференциялар тарифини тақдим қилса, у ҳолда мамлакат Европа бозорларида тўловларсиз 6200 товар позицияларни киритиш имкониятига эга бўлади.

Еврокомиссиянинг жамоатчилик билан алоқалар департаменти ходими Кинга Малиновсканинг 28 февраль куни маълум қилишича, GSP+ доирасида қўшимча преференциялар олиш учун бир нечта талаблар қўйилади. 

"Мамлакат экспортининг диверсификацияси размери ёки чекланганлиги нуқтаи назаридан заиф эканлиги кўриб чиқилиши ва мамлакат 27 та халқаро Конвенцияни ратификация қилиши ва самарали бажариши керак. Ҳукумат шунингдек, қийноқларни қўллашни тақиқлаш, геноцидга йўл қўймаслик, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркин сўзни ҳимоя қилиш ҳамда митинг ва йиғилишлар ўтказиш эркинлигини ҳимоя қилиш конвенцияларини ратификация қилиши ва мустақил суд тизимини таъминлаши керак…", дейди Малиновска хоним.

Қуруқ мевалар, ёнғоқлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи "Oro Isfara" компанияси раҳбари Манучехр Насриддинов Нидерландия ва Бельгия компаниялари билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга эканликларини айтди. Унинг сўзларига қараганда, халқаро стандартларни жорий қилиш — халқаро бозорда маҳсулотлар ҳаракати учун мажбурий қадамдир. 

"Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг юқори сифати ва хавфсизлиги таъминлангудек бўлса, уларни сотиш осон бўлади", дейди Насриддинов.

Европа Иттифоқи Тожикистонга GSP+ доирасида преференциялар тарифини тақдим қилгудек бўлса, у ҳолда "Мade in Tajikistan" маҳсулотлари Европа бозорларида пайдо бўлади. 

Маҳаллий иқтисодчиларнинг сўзларига қараганда, Европа Иттифоқи мамлакатларига Тожикистон томонидан экспорт қилинадиган маҳсулотлар унчалик ҳам кўп эмас, аммо Европа бозорларига эркин кириб боришнинг ўзиёқ Тожикистонда кичик ва ўрта бизнесни қайта тикланишига ёрдам беради.