Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.01.2018 19:36 Чоп этиш версияси

Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажот ҳибсга олинди

Эроннинг Шероз шаҳрида 7 январь куни бўлиб ўтган норозилик намойишларини қўллаб-қувватлагани учун мамлакатнинг собиқ президенти ҳибсга олинди, дейилади "Ал Қуддус ал-Арабий" газетаси хабарида.

Нашр маълумотига кўра, ҳукумат Аҳмадинажотнинг Бушердаги баёноти сабаб шундай қарорга келган. Улар "тартибсизликларни келтириб чиқарувчи қўзғолон" сифатида баҳоланган.

Маҳмуд Аҳмадинажот пайшанба куни шаҳар аҳолисига қилган мурожаатида амалдаги Президент Ҳасан Руҳоний ва унинг ҳукуматини халқ манфаатларидан йироқ қарорлар қабул қилишда, давлат бошқарувидаги сусткашликлар ҳамда давлат мулкини ўзлаштиришда айблаган эди.

Манбада қайд этилишича, сиёсатчининг ҳибсга олиниши Эрон диний раҳнамоси Оятулло Али Хоманеийнинг қарори билан амалга оширилган.

Маълумот ўрнида, Аҳмадинажот 2005-2013 йилларда Эрон Ислом Республикасини бошқарган.

2009 йилда унинг Президентлик сайловларида иккинчи бор ғалаба қозониши мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлган эди.

Эронда 2017 йилнинг 28 декабридан буён оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар ҳукуматдан иқтисодий вазиятни яхшилашни талаб этмоқда.

Теҳрон намойишларни мамлакатнинг ички муаммолари эканини, бу ўринда дунёдаги тинчлик ва хавфсизликка ҳеч қандай таҳдидлар йўқлигини айтмоқда. Бироқ АҚШ, Буюк Британия ва Саудия Арабистони бундай фикрда эмас.

ЎзА
9 677