ЎзА Ўзбек

14.04.2020 Чоп этиш версияси

Эронлик депутат: мамлакат 3 ойга беркитилмаса, коронавирусдан қутулмаймиз

Эронлик депутат: мамлакат 3 ойга беркитилмаса, коронавирусдан қутулмаймиз

Эрон парламенти қўмитаси раиси Абдуризо Азизий 4 ярим мингдан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўлган коронавирус сурункали вабога айланишидан хавотирда эканини билдириб, ушбу касалликка қарши жиддий кураш олиб бориш учун мамлакат 3 ой муддатга ташқи дунёдан узилиши лозимлигини маълум қилди.

Унинг фикрича, ҳукуматнинг бугунги сиёсати офатни жиловлашга хизмат қилмаяпти. Демак, касалликнинг сурункали тус олиш хавфи бор.

Араб дунёсида машҳур бўлган “ал-Арабия” телеканалининг интернет саҳифасида эълон қилинган мақолада Абдуризо Азизий масалага жиддий ёндошилмаса, коронавирус занжири узилмаслигини таъкидлаган. Унинг қарашлари Эрон Президенти 18 апрелдан эътиборан саломатликка камроқ хатар соладиган ишларга рухсат бергандан кейин ошкор этилди. Айни масалада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Эронни шошмасликка чақирмоқда.

Сўнгги 24 соат ичида Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 111 киши коронавирусдан вафот этиб, қурбонларнинг умумий сони 4 585 кишига етди. Бир кунда 1 617 киши вирус юқтириб олгани қайд этилиб, умумий сон 73 303 га тенглашди. Ҳозиргача ушбу касалликдан 45 983 киши соғайди. Бу кўрсаткичлар Эрон Яқин Шарқда коронавирусдан энг кўп жабрланган мамлакат эканини кўрсатмоқда.

2 040
Фатҳиддин Самариддинов, ЎзА