ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Эрон ядровий дастур бўйича мажбуриятларни қисқартиришнинг навбатдаги босқичига тайёргарлик кўрмоқда

Эрон ядровий дастур бўйича мажбуриятларни қисқартиришнинг навбатдаги босқичига тайёргарлик кўрмоқда

Теҳрон ядровий дастур бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (ҚККҲР) юзасидан мажбуриятларни қисқартиришнинг тўртинчи босқичига тайёргарлик кўрмоқда. IRNA агентлиги хабарига кўра, душанба куни Эрон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Aббос Мусавий бу ҳақда маълум қилган. 

“Учинчи босқич (мажбуриятларни қисқартириш) ҳозирда амалга оширилмоқда, тўртинчисига тайёргарлик кўрилмоқда“, деган Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Мусавийнинг қўшимча қилишича, “Теҳрон Эроннинг ҚККҲР бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўртасидаги мувозанат сақлангунча ядро битимига содиқ қолади“. “Aгар Эроннинг келишувда қолиши унинг манфаатларига мос келмаса, Теҳрон зарур чораларни кўради“, деган расмий вакил.

Эслатиб ўтамиз, 6 сентябрь куни Теҳрон ядровий битим бўйича мажбуриятларни қисқартиришнинг учинчи босқичини бошлади. Мазкур босқичда мамлакат атом тадқиқотларидаги чекловларни бажаришдан бош тортади. Эрон томони баёнотига кўра, Теҳроннинг хатти-ҳаракатлари келишувнинг Европа томони ўз ваъдаларини тўлиқ бажармаётгани билан изоҳланади. 

2 174
ЎзА