ЎзА Ўзбек

05.04.2020 Чоп этиш версияси

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ҳукумат янги қарорлар қабул қилишда шошмаслиги керак

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ҳукумат янги қарорлар қабул қилишда шошмаслиги керак

Лондонда араб тилида нашр этилиб, араб дунёсида кенг тарқатиладиган “аш-Шарқ ал-Авсат” (“Яқин Шарқ”) газетаси 4 апрелдаги сонида Эроннинг коронавирусга қарши кураши ҳақида мақола эълон қилди. 

Унда ёзилишича, Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳукумат идоралари ва саноат корхоналарида ишларни бошлашга шошмасликка чақирган. Хусусан, соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакий Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийга мактуб йўллаб, Саноат ва савдо вазирлигининг айрим корхоналарни қайтадан очиш борасидаги қарорига норозилик билдириб, бу мамлакат аҳолиси саломатлиги учун хатарли эканини таъкидлаган. Вазирнинг фикрича, бундай қарорга келишдан олдин ҳар қандай вазирлик ва идора Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан маслаҳатлашиши лозим. 

Ўз навбатида, Эрон коронавирусга қарши кураш комиссияси раиси сўнгги кунларда касалланаётганлар сони камайгани хасталикни жиловлаш бўйича вазият назоратга олинганини билдирмаслигини ҳукуматга баён этди. Жумладан, у пойтахт Теҳрондаги аҳвол ҳануз хатарли эканига эътиборни қаратди. Шу боис, ҳукуматни кўрилган чораларни бўшаштириш борасида қарорлар қабул қилишда шошмасликка чақирди.

Эрон ОАВ хабарларига кўра, бугунги кунда коронавирус билан касалланганлар сони мамлакатда 55 минг 743 кишидан ошган, 3 минг 452 киши вафот этган. 17 минг 935 киши касалликдан тузалган.

948
ЎзА