ЎзА Ўзбек

15.08.2019 Чоп этиш версияси

“Экстремизм мавзусини ёритишда шов-шувга берилмаслик керак”

“Экстремизм мавзусини ёритишда шов-шувга берилмаслик керак”

14 августда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Зўравонликка етакловчи экстремизмга қарши курашда ОАВнинг роли” мавзусида халқаро форум иш бошлади. Форумда Марказий Осиё давлатларидан журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари иштирок этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистондан ҳам бир гуруҳ ОАВ ходимлари, медиамутахассислар ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг илмий тадқиқотлар маркази раҳбари, профессор Бахтиёр Бобожонов қатнашмоқда.

Экстремизм муаммоси бугунги кунда барча Марказий Осиё мамлакатлари учун бегона эмас. Экстремизмга алоқадор воқеа-ҳодисаларни ёритишда журналистлардан алоҳида тажриба талаб этилади. Форумда иштирок этаётган Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университети доценти Беруний Алимовнинг айтишича, ОАВ ёшларни экстремизм домига тушиб қолишини олдини олишда фаол ва самарали иштирок эта олади. Бунинг учун журналистларда тажриба ва мазкур мавзуни ёритиш бўйича етарли билимлари ҳам бўлиши лозим.

“Оммавий ахборот воситалари экстремизм мавзусини ёритишда рақамлар ва маълумотларда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши зарур. Экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлган одамлар тақдирини ёритишда эса уларни қаҳрамонга айлантириб қўймаслик керак. Шунингдек, экстремистик гуруҳларнинг қурбони бўлганлар ҳақида ёзганда уларга нисбатан одамларда нафрат уйғотмасликка ҳаракат қилиш лозим. Оммавий ахборот воситалари экстремизм қурбонларининг реал тақдирларини ёритиш билан, бошқаларни айни гуруҳлар домига тушиб қолмаслигини олдини олади. Экстремизм қурбонларининг оғир тақдирлари ёшларга бу борада фикр юритишга туртки беради”, дейди Беруний Алимов.

Евроньюс телеканали мухбири ҳам терроризм ва экстремизм мавзуларини ёритиш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Терроризм ва зўравонликка етакловчи экстремизм масалаларини ОАВда ёритишдан мақсад ҳиссиётга берилиш, шов-шув кўтариш бўлмаслиги керак. Шов-шув кўтариб, маълум гуруҳнинг эътиқодларини ерга урган Шарли Эбдо воқеаси қандай аянчли якунланганини яхши биламиз. “Евроньюс” Шарли Эбдо карикатураларини эфирда очиқ олиб чиқмаган. Шунингдек, экстремизм қурбонларини, одамларни радикаллашиш жараёнларини ёритишда ҳам маълум бир ўрта нуқтани топиш лозим. Уларни бутунлай оқ ёки қорага айлантирмаслик керак. Терроризм қурбонларини эфирга олиб чиқишда қурбонларнинг ортида уларнинг яқинлари борлигини ҳам назардан қочирмаслик керак. Уларга ўз яқинларини терроризм қурбони сифатида томоша қилиш завқли бўлмаслиги аниқ. “Евроньюс” доим бу масалаларда холис бўлишга қайсидир диний қатлам қадриятларини ерга урмасликка ҳаракат қилади”.

“Зўравонликка етакловчи экстремизмга қарши курашишда ОАВнинг роли” мавзусига бағишланган халқаро форум давом этмоқда.

Тез орада Марказий Осиё давлатларидаги мактабларда диний таълим бериш масалалари қандай эканлиги бўйича маълумотлар тақдим этамиз. Бизни кузатиб боринг.

3 261
Анора СОДИҚОВА, ЎзА, Олмаота