ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Эксперт Байденнинг устунлигини ифодалаган сўров натижаларини изоҳлади

Эксперт Байденнинг устунлигини ифодалаган сўров натижаларини изоҳлади

Хьюстон университети сиёсатшунослик профессори Жим Гранатонинг тахминича, Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод Жо Байден сайлов олди курашида етакчилик қилаётганини кўрсатаётган сўровлар натижасида шаклланган жамоатчилик фикри ўзини оқламаслиги эҳтимоли жуда юқори.

Сўровларни умумлаштириб, ўртача кўрсаткични чиқарадган “Real Clear Politics.com” ресурси маълумотларига қараганда, 3-16 сентябрь оралиғида Байден иккинчи муддатга сайланишни ният қилган АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампни 5,8 фоиз ортда қолдирган.

“Ўйлашимча, бу саволга “Ҳа”, деб жавоб бериш мумкин (гап “вазият яна такрорланиши мумкинми”, деган савол ҳақида кетяпти – таҳририят). Трампнинг яширин сайловчилари қаерлардадир бор. Сўровлардан аниқ-тиниқ кўриниб турибдики, одамлар ва рақамлар ўз қарашларини очиқ ифодалашга унчалик тайёр эмас, айниқса, Трампнинг тарафдорлари. Бундан ташқари айни сўровлар Трампнинг яширин сайловчиларини қандай қилиб аниқлай олиши мумкинлиги ҳам тушунарсиз, чунки улар тадқиқотда иштирок этишлари амри маҳол“, — дейди Гранато “РИА Новости”га.

Эксперт, гарчи, Трамп сўровда анча орқада бўлса-да, амалда Байденга етиб олганини таъкидламоқда.

“Биринчи масала – иқтисодиёт тиклана бошлади. Трамп иқтисодиётни бошқариш бўйича сўровларда Байдендан ўзиб кетади“, — қўшимча қилган сиёсатшунос профессори.

Гранато қайд этишича, Трампнинг обрўсига коронавирус билан боғлиқ вазият салбий таъсир этди, бироқ аҳвол аста-секин ўнгланяпти.

“Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимизнинг турли шаҳарларида авж олган, кўп ҳолларда демократлар томонидан бошқарилаётган тартибсизликлар ва зўравонликлар Байденнинг зиёнига ишлаб, Трампга ёрдам беради. Ушбу янгича суръат иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар билан бирга Трампга имконият яратади“, — деб ҳисоблайди мутахассис.

Эксперт фикрича, пандемия ўз обрўсига салбий таъсир ўтказмаслигини таъминлаш учун президент вакцина ҳақида кўпроқ гапириши керак.

“Бу ерда икки муҳим жиҳат бор. Биринчидан у (Трамп) ўзининг келажакдаги сиёсатини аниқ чизиб олиши лозим… Ва иккинчидан у тўплаб олиши (обрў – таҳририят) мумкин бўлган ва сўровларда яхши натижага эришган штатларда реклама ва чиқиш қилиш имкониятини сотиб олиш орқали иложи борича кенгроқ ҳудудларни қамраб олиши зарур“, — дейди олим.

Қисқаси, шундай сиёсат Трампга ёрдам бериши, Республикачилар партиясига айни пайт демократлар озчиликни ташкил этадиган сенатда ўз ўринларини сақлаб қолиш имконини бериши мумкин.

Шу билан бирга Гранато ҳар икки томон сайловгача қолган муддат – 6 ҳафта давомида ярамас усулларни қўллашдан, аксил ахборот тарқатишдан тоймаслигини ҳам эслатиб ўтган. Бинобарин, эксперт бундай ёндашув ҳеч нимани ўзгартира олмаслигини ҳам қўшиб қўйган.

“Махсус прокурор Роберт Мюллер олиб борган терговдан сўнг эълон қилинган бош инспектор Майкл Хоровицнинг маърузаси ва бошқа унсурлар оқибатида Трамп шаънига билдирилиши мумкин бўлган айбловлар масаласида кўпчилик сайловчилар орасида анчайин скептик ҳис-туйғу уйғонди“, — дея вазиятни изоҳлайди суҳбатдош.

Хоровиц текширув натижасида, гарчи, бюро саъй-ҳаракатларида “жиддий хатолар“ топган бўлса-да, ФРБ 2016 йилги сайлов олди кампанияси вақтида Трамп штабига ўз агентлари ва маълумот тўпловчиларини киритгани тўғрисида ҳеч қандай далил кўрсата олмаган.

Гранато, шунингдек, сўровлар ОАВ ҳозирги пайтда ўта бир ёқлама қабул қилинаётганини кўрсатаётганини таъкидлаган. Маълум бўлишича, у ўзининг айни йўналишдаги қарийб 40 йиллик фаолияти давомида ҳеч қачон шунга ўхшаш ҳолатга дуч келмаган.

“Бир нарса, ўйлашимча, бу сафар, энди Байденга бир оз зарар етказади. Бу – махсус прокурор Жон Дурэмнинг суриштируви. Агар иш айблов эълон қилишгача бориб етадиган бўлса ва бу айблов анча жиддий кўриниш олса, бутун масъулият собиқ президент Барак Обама маъмурияти зиммасига тушади. Бу хизмат ваколатларини ўта даражада суистеъмол қилиш сифатида баҳоланиши мумкин“, — деган у.

Аввалроқ Дурэмга 2016-2017 йиллар — Обама президентлиги ва Байденнинг вице-президентлиги даврида ФРБ қандай ишлагани ҳолатларини текшириш топширилган эди. Бинобарин, айнан шу масалада кейинчалик “Трамп Россия билан келишгани“ тўғрисидаги гумонлар пайдо бўлган. Шундай гумонлар асосида махсус прокурор Роберт Мюллер тергов юритган, аммо “келишув“ бўйича ҳеч қандай далил-исбот топа олмаган.

1 870
Ғ.ХОННАЗАРОВ тайёрлади, ЎзА