ЎзА Ўзбек

18.09.2019 Чоп этиш версияси

Эдвард Сноуденнинг мемуарлари нашр қилинганидан кейин АҚШ унга нисбатан фуқаролик даъво шикояти билан чиқди

Эдвард Сноуденнинг мемуарлари нашр қилинганидан кейин АҚШ унга нисбатан фуқаролик даъво шикояти билан чиқди

Америка расмийлари машҳур информатор, АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги собиқ ходимининг мазкур китобидан олинадиган гонорарга тўсқинлик қилмоқчи.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан тарқатилган матбуот хабарида айтилишича, шу тариқа Қўшма Штатлар китоб нашрини тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш ниятида эмас, фақат китоб нашридан келадиган даромадлар давлат хазинасига тушишга уринмоқда, холос. Даъво аризасининг асоси сифатида Сноуденнинг Миллий ҳавафсизлик агентлиги ва Марказий разведка бошқармаси билан махфийлик борасида имзолаган Битимнинг бузилиши кўрилмоқда.

Даъво шикоятида таъкидланишича, Сноуден ўз зиммасига олган мажбуриятларни бузган ҳолда МХА ва МРБ билан келишмаган ҳолда Америка разведкаси фаолиятига оид китобни эълон қилган.

Сноудендан ташқари даъво аризасида жавобгар сифатида китобни нашр қилишда иштирок этган юридик шахс ҳам тилга олинади. Сноуденнинг Permanent Record (“Шахсий иш“) хотиралари бир вақтнинг ўзида 20та мамлакатда 17 сентябрь куни эълон қилинди.

Ўз китобида АҚШ Миллий хавфсизлик Агентлигининг собиқ ходими Америка махсус хизматлари томонидан ўз фуқаролари ва хорижий давлат раҳбарларигача бўлган ажнабийларини кузатиш борасидаги электрон усуллар ҳақида ҳикоя қилади. У бу тизимни қандай ташкил қилишга ёрдам бергани ва барча сирларни ошкор қилиб 2013 йилда нима сабабдан қочиб кетишга мажбур бўлганини ёзади.

Бу фуқаровий даъво аризаси Сноуденга қарши АҚШ давлат сирларини ошкор қилиш борасида қўйилган жиноий айбловдан алоҳида юридик акт ҳисобланади.

Эдвард Сноуден ОАВга бир қатор маълумотларни, жумладан махфий ахборотларни, компьтер технологиялари ёрдамида махсус хизматларнинг фуқароларни кузатиш дастурлари ҳақидаги ахборотларни берганидан кейин 2013 йилда машҳур бўлиб кетди. Унга нисбатан АҚШда қатор айбловлар қўйилган, бу айбловлар бўйича у 30 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Россия расмийлари унга бошпана берган. АҚШда Сноуден масаласида жамоатчилик фикри иккига бўлинган: кўплаб фаоллар ва жамоатчилик арбоблари у қонунни бузганлигини тан олган холда махсус хизматлар томонидан шахсий ҳаётга аралашиш билан боғлиқ муҳим масалани кўтариб чиққанини таъкидлашади. Собиқ президент Барак Обама Сноуденни афв қилишни истамади, у баёнот берар экан Сноуден Америка суди олдида жавоб бериши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилишини таъкидлаган эди. Президент Дональд Трамп Сноуденни “хоин“ дея таърифлади.

2 263
ЎзА