ЎзА Ўзбек

17.03.2020 Чоп этиш версияси

Дунёда коронавирус бўйича асл вазият қандай: чегаралар ёпилди, тадбирлар бекор қилинди, ...

Дунёда коронавирус бўйича асл вазият қандай: чегаралар ёпилди, тадбирлар бекор қилинди, ...

Сўнги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирус тарқала бошлагандан бери 182 мингдан ортиқ киши касалликка чалинган, вафот этганлар сони 7 мингдан ошиб кетди, 80 мингга яқин киши соғайди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши коронавирус пандемияси сабабли жорий ҳафтада йиғилиш ўтказишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда БМТ Бош қароргоҳидаги бир нечта манба хабар қилди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп коронавирус тарқалиши сабабли мамлакатда умуммиллий карантин режалаштирилмаётганини, бироқ вазият номақбул бўлган баъзи ҳудудларда киритилиши мумкинлигини айтди. АҚШ касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази 50 ва ундан ортиқ киши иштирок этувчи барча оммавий тадбирларни кечиктириш ёки бекор қилиш борасида чақириқ билан чиқди.

Экспертлар бу тадбирларга келувчи хорижий фуқаролар АҚШда коронавирус инфекцияси тарқалишига сабаб бўлиши эҳтимолини айтмоқда. Конференция, фестиваль, парад, концерт, спорт тадбирларини саккиз ҳафтагача ўтказмаслик тавсия қилинмоқда.

РОССИЯ ҳукумати 18 мартдан 1 майгача, хорижлик фуқаролар ва фуқароси бўлмаган шахсларнинг мамлакатга киришини чеклашга қарор қилди. Бу ҳақда Бош вазир Михаил Мишустин телефон мулоқотларини ўтказган бир қатор давлатлар ҳукумат раҳбарларини хабардор қилган.

Дипломатик ваколатхоналар ходимларига, халқаро автомобиль алоқаси автомобиллари ҳайдовчиларига, ҳаво назорати пунктлари орқали транзит сифатида кетаётган шахсларга кириш чекловлари қўлланилмайди.

Москвада 10 апрелгача барча оммавий тадбирлар тақиқланади, мэр Сергей Собянин олдинроқ барча оммавий тадбирларни тақиқловчи фармонни имзолади: ёпиқ бинолардаги йиғилиш иштирокчиларининг сони 50 кишидан ошмаслиги керак, 21 мартдан бошлаб Москвада барча мактаблар ёпилади.

ҚОЗОҒИСТОНда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 27 тага етди. Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов коронавирус юқишнинг янги 14 та ҳолати тўғрисида хабар қилди.

“Нур-Султон шаҳрида қайд этилган 14 нафар янги бемор тўғрисида хабар қиламиз. Улар карантинга жойлаштирилди. Алоқада бўлган барча шахслар аниқланди, уларни карантинга ва изоляцияга олиш ишлари ўтказилмоқда”, – деди у. Вазирнинг чиқиши давлат телеканалларида намойиш этилди.

Мазкур рақамларни ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда Қозоғистонда коронавирус бўйича 27 та ҳолат тасдиқланди: Алматида 11 та, Нур-Султонда 16 та.

Қозоғистонда 16 мартдан фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда, жумладан, йирик савдо объектлари фаолияти чекланди, оммавий тадбирлар тақиқланди, мамлакат ҳудудига кириш-чиқиш чекланди. Ҳукумат учрашувлари ва матбуот анжуманлари онлайн режимда ўтмоқда.

Қозоғистон ҳукумати тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида камида 300 миллиард тенге (тахминан 681 миллион доллар) ажратишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 16 март куни Қозоғистонда коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат жорий этишга бағишланган телемурожаатида маълум қилди.

“Биз коронавируснинг глобал иқтисодиётга ўта салбий таъсирининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Аслида гап бутун жаҳон савдо тизимининг қайта ташкиллаштириш ҳақида бормоқда. Қозоғистон мазкур чуқур инқироз оқибатларини ўзида ҳис қилади. Биз иқтисодий хавф-хатарга қарамай, ижтимоий кескинлик ва ишсизлик ўсишига йўл қўймаслик мақсадида барча зарур чораларни кўрамиз”, – дея баёнот берди Тоқаев.

У Қозоғистоннинг халқаро захиралари 90 миллиард долларга яқин эканини таъкидлади. “Бу бизнинг иқтисодиётимиз барқарорлиги сақланиши ва давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажаришида жиддий кафолатдир”, – деди Тоқаев.

Унинг сўзларига қараганда, “бизнесни кредитлаш даражаси қисқаришига йўл қўйиб бўлмайди”, шунингдек, “талаб юқори бўлган бир шароитда нархларнинг ошиб кетишига ҳам йўл қўйиш керак эмас”. “Иғвогарона маълумот тарқатаётган ва ваҳима уруғини сепаётганлар қонун бўйича жазога тортилади”, – деди Қозоғистон Президенти.

Тоқаевнинг мурожаати давлат телеканалларида намойиш қилинди. Душанба куни эрталаб айирбошлаш пунктларида доллар нархи тахминан саккиз фоизга (405 тенгедан тахминан 440 тенгега) кўтарилди. Нур-Султон вақти билан 14:30да айирбошлаш пунктларида доллар тахминан 438 тенгедан сотила бошланди.

ҚИРҒИЗИСТОН ҳукумати ажнабийларни мамлакатга киришини вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Алтинай Омурбекова брифингда маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, бу каби чоралар жаҳонда коронавирус тарқалаётгани сабабли кўрилмоқда. Чекловлар бир ой муддатга жорий қилинади. Юк ташувларга чекловлар қўлланилмайди.

Қирғизистонда эпидемиологик вазият барқарор экани айтилмоқда. Коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат рўйхатга олинмади.

Қирғизистон ҳукумати тунги клублар, кинотеатрлар, компьютер заллари, овқатланиш тармоқлари ва савдо-кўнгилочар марказларидаги болалар ўйин майдонларини вақтинча ёпишга қарор қилди. Бу чоралар коронавирус профилактикаси мақсадларида кўрилмоқда.

Савдо, хизмат ва жамоат овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи фуқаро ва ташкилотларга вақтинчалик чекловлар бекор қилингунга қадар оммавий тадбирлар ўтказиш ва иштирок этишдан сақланиб туриш тавсия қилинди. Уларга, шунингдек, бино ва залларга санитайзерлар, ҳаво тозалагичлар ўрнатиш, ходимлар келувчиларни дезинфекция воситалари билан таъминлаш тавсия қилинди.

Ҳукумат айрим истеъмол маҳсулотлари қатъий нархларини белгилайди. Бу ҳақда журналистлар учун ўтказилган брифингда Қирғизистон бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев маълум қилди.

“Ҳукумат қарор қабул қилди. Монополияга қарши кураш давлат агентлиги бугун ун ва нон бўйича нархларни белгилаш ишини якунлайди. Биз чеклов жорий қиламиз. Белгиланган нархлардан юқори баҳоларда сотишга йўл қўйилмайди. Биз аҳоли ўртасида ваҳимага сабаб бўладиган барча ҳаракатларни тўхтатишимиз керак. Биз фуқаролар қанчадан ун, нон, ўсимлик ёғи ва шакар сотиб олишларини билишлари ва ўз бюджетини режалаштиришлари борасида шароит яратамиз”, – дея баёнот берди бош вазир. Унинг сўзларига қараганда, чекловлар 11 та озиқ-овқат нархига тааллуқли бўлади.

Ўтган дам олиш кунлари Бишкекдаги ва айрим минтақалардаги озиқ-овқат бозорларида бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортган. Талабнинг ортиши туфайли нархлар кўтарилиб кетди.

ТУРКМАНИСТОНда коронавирусга қарши кураш воситаси сифатида исириқдан фойдаланиш тавсия қилинди. Мамлакат Президентининг бу борадаги тавсиясидан сўнг барча давлат муассасалари ва мактабларда оммавий равишда исириқ тутатила бошланди.  13 март куни Туркманистон Президенти баёнот берар экан, қадим-қадимдан исириқ “кўплаб касалликларнинг самарали даъвоси бўлганини” таъкидлаб ўтди.

“Минг йиллар давомида аждодларимиз турли ёмон иллатлар ва юқумли касалликларга қарши профилактиканинг анъанавий усулларини яратиб, унинг самарадорлигини исботлаб берган”, – деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Расмийлар мамлакатда COVID-19га чалинган беморлар борлигини расман тасдиқламади. Туркманистон коронавирусга қарши кураш мақсадида қўшни давлатлар билан чегараларни беркитди, деярли барча халқаро рейслар бекор қилинди, мамлакатга келган авиайўловчилар текширилмоқда, айримлари карантинга тушмоқда. Транспортда, жумладан, аэропорт ва темир йўл вокзалларида назорат кучайтирилган, йўловчиларнинг ҳарорати ўлчанмоқда. 

2 948
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ, ЎзА