ЎзА Ўзбек

27.06.2020 Чоп этиш версияси

Дунё яна кучайтирилган карантин шароитига қайтмоқдами?

Дунё яна кучайтирилган карантин шароитига қайтмоқдами?

Коронавирусни даволаш ёки унга қарши вакцина яратиш дастурлари кўплаб мамлакатларда олиб борилмоқда. Лекин ҳалигача бу борада узул-кесил натижага эришилгани йўқ.

Яқинда COVID-19 га қарши тестлар, вакцина ва дори-дармонлар ишлаб чиқиш бўйича дастурни ривожлантириш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) 2021 йилнинг охиригача 31,3 миллиард доллар кераклиги маълум қилинди.

Мазкур дастур ЖССТ томонидан 24 апрелда Евроиттифоқ, Франция ва Билла ва Мелинда Гейтс фондлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган эди. Июннинг охиригача дастур 3,4 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам олди.

ЖССТ ушбу маблағга COVID 19га қарши вакцина ишлаб чиқишни тезлаштириш, 2021 йилнинг ўрталаригача 500 миллион дона тест аппаратини ишлаб чиқариш ва уларни адолат билан тақсимлаш ҳамда етказиб бериш, 245 миллионта даволаниш курсини амалга ошириш ва икки миллиард доза вакцина сотиб олишни мўлжалламоқда.

Дарҳақиқат, пандемия туфайли дунёда юзага келган вазият ҳали ҳам мураккаблигича қолмоқда. Кўпгина мамлакатлар ёки йирик шаҳарларда инфекция тарқалиши тўхтамаяпти, аксинча пандемиянинг янги тўлқини кузатилаётгани айтилмоқда. Айрим ҳудудларда карантин чоралари яна кучайтирилаётганига ҳам айнан иккинчи тўлқин хавотири сабаб бўлаётир.

Сайёрамиз бўйича жами касалланганлар 9,4 миллион кишидан ошди. Коронавирус юқтириб вафот этганлар сони ҳозиргача жами 484 минг 249 кишига етди.

Халқаро оммавий ахборот воситалари ҳамон дунёнинг турли минтақаларидан ташвишли рақамларни тарқатишда давом этмоқда.

Ҳиндистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар охирги бир суткада 18,5 минг кишини ташкил этган. Бу мамлакатда жами беморлар сони аллақачон ярим миллиондан ошиб кетди.

Жонс Хопкинс университети олимларининг ҳисобича, Ҳиндистон коронавирусдан касалланганлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринга чиқиб олган.

Германияда ҳам касалланиш ҳолатлари тўхтамаяпти. Шу кунгача мамлакатда инфекция юқтириш билан боғлиқ 193 минг 243 та ҳолат рўйхатга олинган. Энг ёмон вазият ҳозирда Бавария, Шимолий Рейн-Вестфалия ва Баден-Вюртембергда кузатилмоқда.

Гарчи, Хитой инфекция тарқалишини биринчилардан бўлиб назорат остига олган бўлсада, лекин офатдан узил-кесил халос бўла олгани йўқ. Ўтган куни Чин мамлакатида 21 та коронавирус юқтирган бемор аниқланди. Яна 12 бемор касаллик аломатларини кўрсатмай лекин инфекция ташувчи бўлиб чиқди. 21 беморнинг 17 таси Пекин шаҳрида қайд этилган.

Мексика ҳукумати ҳам мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамон кескин бўлиб турганини маълум қилмоқда. Сўнгги кунда бу ерда 5 минг 441 киши касалликка чалинган ва жами беморлар сони 208 минг 392 нафарга етди.

Коронавирус билан боғлик аҳвол айниқса, Бразилияда оғир кечмоқда. Кечанинг ўзида мамлакатда бир йўла 46 минг кишида касаллик аниқланган. Умуман, Бразилия коронавирус юқтириш бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Мамлакатда жами касалланганлар сони аллақачон бир миллион икки юз минг кишидан ошиб кетди.

Чилида ҳам аҳвол ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Бу мамлакатда 5 мингдан зиёд киши коронавирус қурбони бўлди. Ҳозиргача жами 263 минг кишининг инфекция юқтиргани аниқланган.

Халқаро туризм марказларидан бири ҳисобланган Туркияда денгиз соҳилларида пляжлар, меҳмонхоналар очилмоқда, туристларга хавфсиз саёҳат, хотиржам дам олиш шароитини яратиб беришга ваъда қилинмоқда. Аммо мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамон ташвишли бўлиб турибди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда сўнгги бир кунда 1 минг 396 киши вирус юқтиргани маълум қилди.

Исроилда май охирида коронавирус юқтириш ҳолати яна кўпайиб бораётгани маълум қилинганди. Бундай вазиятнинг юзага келиши айниқса, мактабларда кузатилди. Шу боис ўнлаб мактаблар ёпиб ташланди. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар 22 800 кишига етган. 7 миллионлик нуфусга эга мамлакат учун бу рақам кичкина эмас.

Коронавирус билан боғлиқ кескин вазият Буюк Британия, АҚШ, Арманистон, Молдова, Белорус, Аргентина, Украина, Озарбайжон ва бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам кузатилмоқда.

Reutersнинг ёзишича, АҚШда жума куни 45 минг 242 кишининг инфекция юқтиргани маълум бўлгач, бу борада кунлик рекорд қайд этилган.

Жон Хопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда пандемия тарқалгандан буён жами 2 миллион 467 минг 510 киши коронавирусга чалингани аниқланган. Мамлакатнинг қатор штатларида пандемия тарқалиши туфайли карантин яна кучайтирилмоқда. Флорида, Техас, Сан-Франсиско штатлари яна кучайтирилган карантин шароитига қайтаётганини маълум қилди.

Россия Биомедицина мактабининг микрорганизмлар экологиясини тадқиқ қилувчи лаборатория мудири Михаил Шелкановнинг таъкидлашича, яна икки ҳафтадан кейин ҳозир Европада кузатилаётган иккинчи тўлқин Россияда ҳам билинади.

Аргентина ҳукумати ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият бироз яхшилангани учун мамлакатда карантин чораларини бўшаштирган эди. Энди чеклов чораларини яна кучайтириш сиёсатига қайтди. Чунки мамлакатда аҳвол яхши томонга ўзгармаяпти.

Пандемия хуружи ҳали сусаймаётган бир шароитда дунё аҳлини вирусга қарши вакцина қачон пайдо бўлиши айниқса, қизиқтираётгани сир эмас. Бу борада сўнгги янгиликлар шундан иборатки, ҳозиргача дунёда 200 га яқин вакцина турли тест босқичида турибди. Улардан 15 тага яқини аллақачон одамларда синовдан ўтмоқда.

ЖССТнинг бош тадқиқотчиси Сумия Сваминатан Женевада уюштирилган брифингда таъкидлашича, ҳозир AstraZeneca Англо-Швед ҳамда Американинг Moderna компанияси яратган вакциналари COVID-19 ни даволашга номзод ҳисобланган ва одамларда клиник синовдан ўтаётган 15 та вакцина ичида энг илғори бўлиб турибди.

10 826
Саидмурод РАҲИМОВ,ЎзА