ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Дунё воқеалари қисқа сатрларда

Дунё воқеалари қисқа сатрларда

Японияда АЭС реакторидан илк бор урон-плутон ёқилғиси аралашмаси ажратиб олинди

Япониянинг Сикоку оролидаги “Иката” атом электрстанцияси мутахассислари учинчи реактордан 16 та ишлаб бўлган аралашган урон-плутон ёқилғи йиғиндисини ажратиб олишга муваффақ бўлди. Киодо ахборот агенлигининг таъкидлашича, бундай амалиёт мамлакатда биринчи бор амалга оширилди.

Хабарда айтилишича, Токио ядро қуролини яратишда фойдаланиш мумкин бўлган плутоннинг катта захирасига эга.

АҚШ келажаги учун энг асосий таҳдид Хитой эканлиги айтилди

Хитой АҚШ келажаги учун энг биринчи таҳдид ҳисобланади, деди миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Жеймс Жонс. У Оқ уйда Барак Обама маъмуриятида ишлаган.

Экспертнинг таъкидлашича, ХХР АҚШ иқтисодиётига суқилиб кирмоқда, ҳамма нарсани сотиб олмоқда ва барчасига тўлаш учун маблағи бор. “Буларнинг барчаси мамлакат иқтисодиётига имкон қадар кучлироқ босим ўтказиш учун қилинмоқда”, — деди Жонс.

Собиқ маслаҳатчининг айтишича, АҚШ Хитойга эътибор қаратмаётган пайтда, Пекин қатор муваффақиятларга эришди ва Вашингтон учун ҳақиқий рақобатчига айланди. Жонснинг фикрича, АҚШ Хитой билан пойгада технологияларни ривожлантириш эвазига, жумладан мобиль алоқа ва 5G юқори тезлик интернети йўналишида устун келиши мумкин.

Windows 7 операцион тизимини техник қўллаб қувватлаш тўхтатилди

2009 йил 22 октябрда чиқарилган Windows 7 операцион тизимини янгилаш ва техник қўллаб қувватлаш бугундан бошлаб тўхтатилади. 

АҚШнинг Microsoft компанияси сайтида шу ҳақда маълум қилинган.

Windows 7 операцион тизими ўрнатилган компьютерлар ишлашда давом этаверади, аммо Microsoft унга бундан буён техник кўмак бермайди ва янгиланиш ҳам қилмайди, дейилади компания тарқатган хабарда. 

Хафтар Ливияда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни нима учун имзоламаганини қуйидагича изоҳлади 

Ливия миллий армияси қўмондони (ЛМА) Халиф Хафтарнинг баёнот беришича, унга таклиф этилган ҳужжат вариантида ЛМА илгари сураётган қатор талаблар инобатга олинмаган.

“Келишув лойиҳасида Ливия армиясининг қатор талаблари рад этилган“, — деб унинг сўзларини келтиради AL Arabiya телеканали.

АҚШ билан Хитой ўртасида савдо келишувининг биринчи қисми ошкор этилди

АҚШ билан Хитой ўртасида савдо келишувининг биринчи қисми Пекиннинг икки йил давомида АҚШда тўртта соҳада ишлаб чиқарилган қиймати 200 миллиард долларлик товарларини харид қилишини назарда тутади, деб хабар тарқатди South China Morning Post нашри.

Келишув бўйича Хитой АҚШнинг 75 миллиард долларлик саноат товарларини, 50 миллиард долларлик энергия манбаларини, 40 миллиард долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилади. Хитой яна 35-40 миллиард долларни АҚШ томонидан кўрсатиладиган хизматларга сарфлаши керак, дея таъкидлайди ушбу нашр.

Бундан аввалроқ, таҳлилчилар савдо келишувининг биринчи қисми учта соҳага тегишли бўлиши ҳақида башорат қилишган эди.

Дональд Трампнинг баёнот беришича, Қўшма Штатлар билан Хитой ўртасида келишувнинг биринчи қисми имзолангандан кейин, зудлик билан иккинчи қисмини муҳокама қилишга киришилади.

АҚШ Ироқни қандай жазолашини маълум қилди

Вашингтон Боғдодга АҚШ банкларида Ироқнинг нефть савдосидан тушган маблағларни музлатиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда, деб хабар беради Wall Street Journal нашри.

Нашрда таъкидланишича, агар Ироқ АҚШ қўшинларини мамлакатдан чиқариб юборадиган бўлса, АҚШ Ироқни Нью-Йоркдаги Федерал захира банкида сақланаётган маблағидан маҳрум қилади. Куни кеча Ироқ бош вазири Одил Абд ал-Махди шу ҳақда огоҳлантириш олди, деб ёзади мазкур нашр.

Америка ҳукуматининг бундай чорани қўллаши Ироқ иқтисодиётига оғир зарба бўлади, дейилади хабарда.

Буюк Британия қироличаси қарорини эълон қилди

Буюк Британия қироличаси Елизавета Иккинчи шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг вақтини Канадада ўтказиш ҳақидаги қарорини қўллаб қувватлади, дейилади Букингем саройи манбаларидан тарқатилган хабарда.

Бундан аввалроқ шаҳзода ва унинг рафиқаси мустақил ҳаёт кечиришга қарор қилганини ҳамда молиявий имтиёзлардан воз кечганини эълон қилган эди. Бундан ташқари, жуфтлик асосий вақтини Шимолий Америкада ўтказишини маълум қилди. Аввал бошда қариндошлари уларнинг ушбу қарорларини қоралаган эди.

Бироқ қиролича Елизавета Иккинчининг таъкидлашича, оила шаҳзода ва рафиқасининг янги ҳаёт бошлаш хоҳишини ҳурмат қилишини маълум қилган.

Тайванда бўлиб ўтган парламент сайловида айирмачилар ғалаба қозонди

11 январь куни Тайванда бўлиб ўтган парламент сайловида Демократик прогрессив партияси ғалаба қозонди. Партиянинг йўлбошчиси Цай Инвэнь шу куниёқ президент сайловида яна бир бор ғалаба қозонди.

Ҳукуматни бошқараётган партия ҳам, Цай Инвэннинг ўзи ҳам оролнинг мустақиллигини ёқлаб келади. Уларни Вашингтон қўллаб қувватламоқда.

Оқ уй Эронни иқтисодий жазолаш сиёсатини давом эттиради

Эрон террорчилик фаолиятини тўхтатмас экан, АҚШнинг унга нисбатан иқтисодий жазо чоралари давом этаверади. ТАСС АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг сўзларига таяниб ушбу хабарни тарқатди.

Давлат котиби Эронга нисбатан яна бир шартни илгари суришини маълум қилди, яъни Эроннинг ядро дастурини тафтиш қилишга Теҳрон розилик бериши керак, деган у.

13 январь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига тўсқинлик қилиши ҳақида баёнот берган эди.

Покистонда собиқ президентни қатл қилиш жазоси бекор қилинди 

Лахор Олий суди Покистоннинг собиқ президенти ва бош вазири Парвез Мушаррафга ўлим жазоси берилишини мамлакат конституциясига зид ҳукм, деб эълон қилди. Geo Tv шу ҳақда хабар тарқатган.

Қарорда айтилишича, Мушарраф айбдор деб тан олинишига асос бўлган мамлакат конституциясининг олтинчи моддаси 2010 йилда ўзгартирилган эди. Собиқ президентнинг жиноятлари билан боғлиқ иш эса аввалги йилларга тегишлидир. Шу муносабат билан суд собиқ президентни қатл этиш ҳақидаги ҳукмни бекор қилди.

Парвез Мушаррафнинг ўлим жазосига тортилиши 2019 йил 17 декабрда маълум қилинган эди. 

ОАВ хабарлари асосида
ЎзА мухбири Саидмурод РАҲИМОВ тайёрлади

1 923
ЎзА