ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Дунё қора бозорида фил суяги савдоси анча камайгани айтилмоқда

Дунё қора бозорида фил суяги савдоси анча камайгани айтилмоқда

Дунё бўйича фил суяги ва носорог шохи билан ноқонуний савдо қилиш ҳажми пасайган, бироқ йўлбарслар ва бошқа мушуксимонлар учун хавф ортмоқда.

БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси эълон қилган маърузада шундай дейилади.

Маърузада ёввойи табиатга нисбатан амалга оширилаётган жиноятчиликларнинг асосий тенденцияси баён этилган. Шунингдек, унда атиргул дарахти, фил суяги, носорог шохи, панголинларнинг тангачали терилади, тирик судралиб юрувчилар ва йирик мушуксимонларнинг қисмлари билан савдо қилинадиган ноқонуний бозор таҳлил қилинган.

Маърузада айтилишича, кейинги пайтларда Африка филлари суяги ва носороглар шохига талаб пасайган ва уларнинг ноқонуний савдо айланмаси ҳажми ҳам камайган.

Африка фил суяги савдосидан олинадиган йиллик ноқонуний даромад 2016 йилдан 2018 йилгача 400 миллион долларни, носорог шохидан олинадиган йиллик даромад эса 230 миллион долларни ташкил этган.

Аммо, сўнгги йигирма йилда тропик турдаги дарахтларга талаб кескин ошган. Африка атиргул дарахтининг ноқонуний савдоси етмаганидек, унинг қонуний савдоси ҳам ушбу турнинг камайишига ҳисса қўшмоқда. Бунга ёғоч мебеллари билан савдо қилувчи халқаро компанияларни мисол қилиб келтириш мумкин. Сўнгги йилларда йўлбарсдан олинадиган маҳсулотларга ҳам талаб ошгани кузатилмоқда. Бундан ташқари, контрабандачиларнинг бошқа йирик мушуксимонларга ҳам қизиқиши анча ортган.

Маърузада айтилишича, бошқа бозорлар каби, ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи табиат маҳсулотлари билан савдо қилиш бозори ҳам рақамли муҳитда кенгайиб бормоқда. Алоҳида маҳсулотлар, жумладан, тирик судралиб юрувчилар ва йўлбарс суягидан тайёрланган маҳсулотлар савдоси «онлайн-платформалар»га ўтказилди ва маълумотлар алмашиш учун кодлаштирилган иловалардан фойдаланилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, онлайн-савдони назорат қилиш анчайин қийин масала, чунки унда шаффофлик йўқ, қолаверса, қонунни ҳимоя қилиш органларининг имкониятлари ҳам чекланган.

3 265
ЎзА