ЎзА Ўзбек

13.01.2020 Чоп этиш версияси

Дунё хабарлари қисқа сатрларда​: миллиардер Дональд Трампга қарши курашда бор пулини сарфламоқчи​

Дунё хабарлари қисқа сатрларда​: миллиардер Дональд Трампга қарши курашда бор пулини сарфламоқчи​

“Шимолий оқим-2” лойиҳасига қўлланган санкция танқид қилинди

Австрия Ташқи ишлар вазири Александер Шалленберг АҚШнинг “Шимолий оқим-2” лойиҳасига қўллаган санкциясини танқид қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, қувур Европани энергия билан таъминлашни диверсификация қилишга имкон беради ва Украинанинг манфаатларини камситмайди. Шунингдек, у АҚШ ва Европа Иттифоқининг қадриятлари бир хил эканини таъкидлаб, “бироқ биз 30 йил аввалги усуллар қўлланишига қаршимиз” деди.

Бундан олдинроқ Германия канцлери Ангела Меркель ҳам “Шимолий оқим-2” лойиҳасини охирига етказиш зарурлигини айтганди. 

Британия қироличаси қироллик хонадони кенгашини чақирди

Британия ОАВ тарқатган хабарларга қараганда, бугун қиролича хонадонида кенгаш чақирилган. Кенгашни шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг сўнгги қарори туфайли қироличанинг ўзи чақирган. Ўтган ҳафта шаҳзода Гарри рафиқаси билан меросхўрлик ҳуқуқидан воз кечганини эълон қилган эди.

Жангарилар ҳужуми оқибатида муаллимлар қурбон бўлди 

Кениянинг шарқий қисмидаги Гарисса округида “Аш-шабаб” гуруҳи жангарилари ҳужуми оқибатида уч нафар ўқитувчи ҳалок бўлган, деб маълум қилди Daily Nation нашри.

Ҳужум душанба куни эрта тонгда уюштирилган. Мамлакат шимоли-шарқидаги Пол Сой ҳудуди полицияси бошлиғининг маълум қилишича, жангариларнинг асосий нишони телеминора ва полиция идораси эди. Телеминора қисман вайрон қилинган.

Кимдир жон қайғусида, кимдир мой…

Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви олтин ва нефть нархи кескин кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Бу Россия фойдасига ишлайди, зеро мамлакатнинг олтин-валюта захираси рекорд даражада ошаётган бўлса, нефтдан тушган даромад бююджетни тўлдирмоқда.

АҚШ ҳарбийлари Эрон генерали Қосим Сулаймонийни ўлдиргандан кейин Brent тоифали нефтнинг бир баррели қиймати 71,5 долларга етди. Бундай ўсиш охирги марта 2019 йил сентябрда пилотсиз учувчи қурилмалар орқали Saudi Aramco нефть компаниясининг ишлаб чиқариш нуқталарига ҳужум уюштирилганда кузатилган эди. 

Миллиардер Майкл Блумберг Дональд Трампга қарши курашда бор пулини сарфламоқчи

АҚШ президентлигига номзод миллиардер Майкл Блумберг бор давлатини Дональд Трампни сиёсат майдонидан йўқ қилиш учун сарфлаши ҳақида баёнот берди.

“Асосий мақсад — Дональд Трампдан қутулиш. Мен Трампдан халос бўлиш учун бор пулимни сарфлайман..., деган Майкл Блумберг Рейтер агентлиги мухбирига.

Блумберг ўтган йилнинг ноябр ойида президентлик пойгасига қўшилган эди. ОАВ тарқатган хабарларга кўра, у ўз номзодини тарғиб қилиш учун телевидениега 200 миллион доллар атрофида маблағ сарфлаган.

АҚШда президент сайлови 2020 йил 3 ноябрга мўлжалланган.

Покистонда 14 киши ноқулай об-ҳаво қурбони бўлди 

Покистон ғарбидаги Белужистон вилоятининг кўплаб туманларида бир неча кундан буён ёмғир аралаш қор тўхтамаяпти. Куни кеча бу ерда ноқулай об-ҳаво оқибатида 14 киши қурбон бўлди, деб ёзган Dawn газетаси.

Хабарда айтилишича, айрим туманларда ёғингарчилик сўнгги 20 йил ичида рекорд даражани қайд этган. Кветта халқаро аэропортида об-ҳаво ноқулайлиги сабабли қатор рейслар бекор қилинган. Қор бўрони ва жала бир неча кун давом этиши айтилмоқда.

Абхазия президенти қайта сайловда ўз номзодини қўймайди

Куни кеча лавозимини тарк этган Абхазия президенти Рауль Хажимба республика раҳбарлиги сайловига номзодини қўймасликка қарор қилди. Бу ҳақда Абхазия вице-президенти Аслан Барциц ТАСС мухбирига маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, Хажимба келгуси президент сайловига номзодини қўймоқчи эмас.

Рауль Хажимба 12 январь куни президентлик ваколатини топшириши ҳақида республика парламентига маълум қилган эди. Ҳозир вақтинчалик президентлик вазифасига бош вазир Валерий Бганбу даъвогарлик қилмоқда.

Эроннинг ядровий келишуви муҳокама қилинди

Россия президенти Владимир Путин ва унинг франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон Эроннинг ядро келишувини муҳокама қилди. Россия президенти матбуот хизмати шу ҳақда хабар тарқатди.

“Эрон атрофидаги кескин вазият туфайли президентлар томонларни вазминроқ бўлишга чақирган”, дейилади хабарда. Путин билан Макрон шунингдек, Эроннинг ядровий дастури бўйича биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасини қайта тиклашга келишиб олишди. Яқинда Эрон раҳбарияти атом дастурига тегишли мазкур ҳаракатлар режасидан чиққанини эълон қилган эди.

ОАВ хабарлари асосида
ЎзА мухбири Саидмурод РАҲИМОВ тайёрлади.

4 849
ЎзА