ЎзА Ўзбек

26.09.2019 Чоп этиш версияси

Дональд Трамп ва Владимир Зеленский учрашуви кўпгина мавзуга ойдинлик киритди

Дональд Трамп ва Владимир Зеленский учрашуви кўпгина мавзуга ойдинлик киритди

Нью-Йоркда АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу икки мамлакат етакчиларининг биринчи расмий учрашуви бўлди. Учрашув июль ойида Трампнинг Зелинскийга қилган телефон қўнғироғи билан боғлиқ АҚШдаги можаро фонида бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Украина президенти баёнот бериб, коррупцияга қарши кураш, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қайта тиклаш ва мамлакат шарқидаги урушни тўхтатиш устувор масала эканлигини таъкидлади. Зеленскийнинг маълум қилишича, Украинада аксилкоррупция суди иш бошлади.

Трамп Украинада коррупцияга барҳам бериш йўлида Зеленский томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди. Трамп шунингдек, Россия ва Украина етакчилари учрашиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишларига умид билдирди. АҚШ президентининг сўзларига қараганда, бу каби музокаралар жуда катта ютуқ бўларди.  Зеленский АҚШга ёрдам сўраб эмас, балки қўллаб-қувватлашга эришиш учун келганини таъкидлади.

Июль ойида бўлиб ўтган президентларнинг телефон суҳбати ва Оқ уй томонидан чоршанба куни эълон қилинган стенограмма ҳақида гапирган Зеленский қўнғироқ вақтида Трамп томонидан босимга учрамагaни ва унга бирор бир ваъда бермаганини маълум қилди.

Гап бу ерда телефон суҳбати чоғида президент Трампнинг АҚШ собиқ вице-президенти Джо Байденнинг ўғлини Украинадаги фаолиятини тергов қилишга қайтиш борасида таклифи хақида кетмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон суҳбати туфайли АҚШ президентига импичмент борасидаги демократларнинг даъвати – бу “кулгили“. Бу ҳақда Нью-Йоркда матбуот вакиллари билан учрашувда Дональд Трамп баёнот берди.

Оқ уй раҳбари яна собиқ АҚШ вице-президентини ва сайловларда ўзининг эҳтимолий рақиби бўлмиш Джо Байденни танқид қилди. Унинг ўғли Хантер Байден Украинада ишлаган, АҚШ президентининг сўзларига қараганда, у коррупцияга алоқадор.

Трампнинг айтишича, Зеленский Украинада коррупцияга қарши курашмоқда. Шу билан бирга Трампнинг оппонентлари бўлмиш демократлар гўёки Украина президентига, агар у маълум талабларни бажармайдиган бўлса у ҳолда Украинага молиявий ёрдам музлатилиши борасида пўписа қилган. Трамп бу борадаги тафсилотларни ошкор қилмади.

5 422
ЎзА