ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

Дональд Трамп: COVID-19 сабабли президент сайлови бошқа вақтга кўчирилмайди

Дональд Трамп: COVID-19 сабабли президент сайлови бошқа вақтга кўчирилмайди

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловини кечиктириш ҳақидаги фикрларни рад этди ва уни тарғибот учун тайёрланган хабар, деб атади. “Известия”, газетасининг ёзишича, Трамп бу ҳақда 27 апрель куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтган.

Куни кеча АҚШ президентининг бу йил бўлиб ўтадиган сайловдаги эҳтимолий рақиби, собиқ вице-президент Жо Байден Трамп президент сайловини исталган баҳона билан бошқа вақтга кўчиришга уриниб кўришини таъкидлаган эди.

“Мен ҳеч қачон сайлов санасини ўзгартириш ҳақида ўйламаганман. Бу менга нимага керак? 3 ноябрь. Бу жуда яхши сана. Мен ушбу сайловни сабрсизлик билан кутяпман”, — деди Трамп журналистларга.

Бундан ташқари, АҚШ раҳбари ушбу янгиликни Байденнинг сайловолди штаби томонидан “тарғибот учун ўйлаб топилган” хабари, деб айтди.

Айрим экспертлар кейинги пайтда Оқ уй маъмурияти коронавирус билан боғлиқ вазиятни назоратга ололмаётгани сабабли мамлакат жамоатчилигида норозилик кайфияти пайдо бўлаётганини таъкидлашмоқда. Улар юзага келган аҳвол АҚШни ҳақиқий иқтисодий кризисга олиб келиши мумкин, демоқда. Демократлар эса президент сайловида Трампни мағлубиятга учратиш учун ушбу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи.



1 597
ЎзА