ЎзА Ўзбек

03.10.2018 15:08:43 Чоп этиш версияси

​Депутат​ авиакомпанияни хитойлик сармоядорларга беришни таклиф қилди​


Қирғизистон Жоғорку Кенеш депутати Адил Жунус ўғли "Air Kyrgyzstan" миллий авиакомпаниясини хитойлик сармоядорларга беришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, Хитой компаниялари "Air Kyrgyzstan"ни сотиб олишга қизиқиш билдиришмоқда.

Транспорт ва йўллар вазири Жамшитбек Калилов хитойлик сармоядорларнинг "Air Kyrgyzstan"​ни сотиб олишга қизиқиши борлигини тасдиқлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, уларнинг компанияни сотиб олишга тайёрлиги ҳақида якуний сўзни айтиш қийин. Калиловнинг изоҳлашича, ҳатто маошларни тўлаш қийин бўлган тақдирда ҳам компанияни сотиш ташаббусининг ўзи шубҳа уйғотади. 

"Air Kyrgyzstan"​ компаниясининг авиапарки битта самолётдан иборат. Унинг двигатели ҳам таъмирда, рейслар ҳам номаълум муддатга қолдирилган. Оғир молиявий ҳолати сабабли компания ходимларига маош тўлолмаяпти, у штатни қисқартиришга мажбур бўлди.
Қирғизистон сотувга компания акцияларининг 49 фоизини қўйган, аммо хорижликлар назорат пакетини сотиб олиш хоҳишини билдиришган. Шу билан бирга, улар ҳозирча Давлат мулки бошқаруви жамғармасига расмий ариза ҳам беришмаган. 

Ўз навбатида Фуқаро авиацияси агентлиги миллий авиакомпания сотилган тақдирда Қирғизистон Республикаси қонунлари бузилади, деб ҳисоблайди.​