Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 13:09 Чоп этиш версияси

Даҳшат билан бошланган кун

Даҳшат билан бошланган кун

Японияда 20 йил ичидаги энг кучли зилзила содир бўлди

Ўтган тунда Япониянинг Хоккайдо оролида икки марта кучли ер ости силкиниши қайд этилди. Қурбонлар бор, 3 миллионга яқин хонадон электр энергиясиз қолган. 

Тонгни хоккайдоликлар даҳшат билан қарши олди. Маҳаллий вақт билан 3:00 атрофида бошланган 6,7 магнитудали ер ости силкиниши япон оролининг жанубий қисмини ларзага солди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, зилзила вақтида бинолар жойидан силжиб кетган, кўплаб иморатлар ер билан яксон бўлган.

вести.ру”нинг маҳаллий ОАВга асосланиб хабар қилишича, тонг отгунга қадар мамлакат Бош вазирининг Токиодаги қароргоҳида антикризис штаби ташкил этилган. 

ОАВ келтирган иқтибосда Япония ҳукумати раҳбари Синдзо Абе “Вайронагарчилик, жабрланганлар, электр энергиясидаги узилишлар... буларнинг бари менга маълум. Инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш бизнинг асосий вазифамиздир. Япония ҳукумати табиий офатни бартараф этишда катта тажриба эга. Биз бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз” дея мамлакат аҳлига мурожаат қилган.

Зилзила оролдаги бош аэропортга талафот етказган. Аммо ҳудуддаги “Томари” АЭСнинг 3 та реактори зарар кўрмаган. 

Хорижий ОАВнинг сўнгги хабарларига кўра, табиий офат оқибатида бедарак йўқолганлар сони 20 нафарга етган. Уларнинг бари зилзила ўчоғига яқин бўлган Асума посёлкасидан. Айни вақтда оролга қутқарув-қидирув амалиётларини бажариш ва қайта тиклаш ишлари учун 25 минг нафар япон ҳарбий хизматчилари жўнатилган. 

Сейсмологлар мазкур ҳафта сўнггига қадар Хоккайдо оролида яна ер силкинишлари содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА