ЎзА Ўзбек

24.07.2018 16:26 Чоп этиш версияси

Дўстлик қушининг парвози

Дўстлик қушининг парвози Тожикистоннинг "Ховар" Миллий ахборот агентлиги Тожикистон халқ шоири, Рудакий номидаги Давлат мукофоти совриндори, Тожикистон Республикаси миллий мадҳияси матни муаллифи Гулназар КЕЛДИнинг Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи арафасидаги мулоҳазаларини эълон қилди. Қуйида ушбу мақола эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

ҚАЛБЛАР ЭШИГИ ОЧИҚ

Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат раҳнамоси Имомали Раҳмоннинг 
Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи олдидан

...Зафарободдаги мудҳиш манзара: барча ўтказиш пунктлари, ўтиш йўлаклари, чегараолди ҳудудлари тиканли симлар билан ўраб қўйилганини кўриб, юрак-бағрим эзилиб кетди. Қачонлардир бу ердан тинимсиз машиналар оқими ўтар, ҳаёт қайнарди. Хайрият, энди буларнинг барчаси абадий ўтмишда қолди, лекин хотирамда муҳрланган манзара ушбу сатрларни яна бир карра қоғозга туширишга ундади:

Тожикистон – Ўзбекистон аталган
Юраклар туташган энг гўзал жойда
Тортилган тиканли симга оҳиста
Бир қушча қўнаркан бўлди у шайдо.
Ва қўшиқ куйлади ёниб баралла:
«Дунёда сизларни ажратар куч йўқ».
Зафаробод гувоҳ бу сирли ҳолга,
Бу қушча Дўстликдир, энди кўнгил тўқ.

(Рус тилидан Азиз Саид таржимаси)

Дарҳақиқат, энди биз на тиканли симлар, на миналар ва на қуроллар тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини узишга қодир эмаслигига яққол амин бўлдик. Ҳаттоки, муносабатларга хос бўлмаган турли омиллар сабаб ўртамизда тўсиқлар пайдо бўлиб, алоқалар тўхтатилганда ҳам, чегаранинг икки тарафида яшовчи инсонлар, айниқса, биз, ижод аҳли доим учрашувларимиз ва самимий суҳбатларимизни илиқлик билан ёдга олардик.

Мен ана шундай воқеалардан бири ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Саттор Турсун билан биргаликда икки мамлакат нашрлари – "Садои Шарқ" ва "Шарқ юлдузи" адабий журналлари ходимлари ўртасида ижодий учрашув учун Тошкентга йўл олдик. Таниқли ўзбек ёзувчиси, адабий нашр бош муҳаррири Мирмуҳсин барчани уйига меҳмонга таклиф қилди. У ерда ёш бўлишига қарамай, шуҳрат қозонишга улгурган ёзувчилар Шукур Холмирзаев, Усмон Азим, Эркин Аъзам ҳам бор эди. Ўшанда Айний ва Ғафур Ғулом, Мирзо Турсунзода ва Ҳамид Олимжон, Гулчеҳра ва Зулфия, Эркин Воҳидов ва Мўмин Қаноат, Абдулла Орипов ва Лоиқ Шерали сингари кўпчилик ижодкорларнинг шеърлари ўқилди. Мусиқа ва қўшиқлар янгради.

Мен қисқа муддатга ташқарига чиқдим, қайтиб кирганимда Шукур Холмирзаев ўзига хос ҳазил оҳангида бундай деди:

– Саттор, турсун! Гулназар келди.

Биз бу сўз ўйинидан узоқ вақт мириқиб кулдик.

Шу воқеани ёдга олар эканман, ижод аҳли ўртасида ҳеч қачон англашмовчилик ва келишмовчилик бўлмагани, аксинча, учрашувларда доим самимий дўстлик ва қардошлик ҳукмронлик қилганини таъкидламоқчиман.

Бизда бир ноёб ўхшаш жиҳат бор. Урф-одат, анъаналаримиз ва маданиятимиз муштарак, динимиз бир. Адабиётда ҳам ўхшаш мавзулар, сиймолар, тасвир воситалари учрайди.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида бундай деди:

«Азиз биродарим Имомали Раҳмонга совға тариқасида ўзбекистонлик усталар ясаган дарвоза олиб келдим. Бу дарвозанинг ноёблиги шундаки, у ҳеч қачон қулфланмайди. Бу халқларимизнинг ҳамиша очиқ қалблари рамзи бўлиб қолсин».

Худди асрлар қаъридан Мавлавийнинг овози эшитилгандек бўлди: "Дунё тургунча шундай бўлсин!" ("То бод, чунин бодо!").

Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кенг жамоатчилик миллат раҳнамоси – тинчлик ва миллий бирдамлик асосчиси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Имомали Раҳмоннинг Тошкентга жавоб ташрифини кутмоқда. Зеро, у халқларимиз ўртасидаги азалий ва абадий дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Гулназар Келди,
Тожикистон халқ шоири,
Рудакий номидаги Давлат мукофоти совриндори

ЎзА
6 357