ЎзА Ўзбек

27.12.2019 Чоп этиш версияси

ДЎСТДАН ДУШМАНГАЧА: Вьетнам урушининг бошланиши

ДЎСТДАН ДУШМАНГАЧА: Вьетнам урушининг бошланиши
ХIХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, Вьетнам Франциянинг мустамлакасига айланган эди. Биринчи жаҳон урушидан кейинги миллий ўзини англашнинг ўсиши 1941 йил Хитойда Франциянинг барча рақибларини бирлаштирган ҳарбий-сиёсий ташкилот “Вьетнам мустақиллиги лигаси”нинг пайдо бўлишига олиб келди.

АҚШ АРАЛАШУВИ
Ушбу ташкилотдаги асосий лавозимларни Хо Ши Мин бошчилигидаги коммунистик ғоя тарафдорлари эгаллаб туришган. Хо Ши Мин японларга қарши кураш учун Вьетминга қурол ва ўқ-дорилар бериб ёрдамлашган АҚШ билан Иккинчи Жаҳон уруши даврида фаол ҳамкорлик қилди. 
Япония таслим бўлганидан сўнг эса у Ханой ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларини босиб олди ва мустақил Вьетнам Демократик Республикаси ташкил топганлигини эълон қилди. 

Бироқ, Франция бунга рози бўлмади ва 1946 йил декабрь ойида Ҳиндихитойга экспедиция кучларини юбориб, мустамлакачилик урушини бошлади. Якка Француз армияси партизанлар билан кураша олмади ва 1950 йилдан бошлаб АҚШ французларга ёрдам бера бошлади. АҚШ аралашувининг асосий сабаби жанубий-ғарбий томондан Япон ороллари ва Филиппинни ҳимоя қилиш мумкин бўлган минтақанинг стратегик аҳамияти эди. 
Америкаликлар ушбу ҳудудларни — уларнинг иттифоқчиси бўлган французлар назорат қилиб турсагина — бошқариш осон бўлишига ишонишди.

ВЬЕТНАМНИНГ БЎЛИНИШИ
2.JPGКейинги тўрт йил уруш давом этди ва 1954 йилга келиб, Денбенфу жангида французлар мағлубиятга учрагач, улар учун вазият деярли умидсиз бўлиб қолди. Шу вақтга қадар Қўшма Штатлар ушбу уруш харажатларининг 80 фоизидан ортиғини тўлаётган эди. Вице-президент Ричард Никсон муаммони ечиш учун ядровий бомбардимонлардан фойдаланишни тавсия қилди. Аммо 1954 йил июль ойида Вьетнам ҳудудини вақтинча 17-параллел бўйлаб Шимолий (Вьетмин назорати остида) ва Жанубий (французлар ҳукмронлиги остида) қисмларга бўлиб юборган Женева битими имзоланди.

У АБЛАҲ, ЛЕКИН ЎЗИМИЗНИКИ...
1960 йилда АҚШда Жон Кеннеди ва Ричард Никсон ўртасида Оқ уй учун кураш бошланган эди. АҚШда бу даврга келиб, коммунизмга қарши кураш ғояси халқ томонидан яхши қабул қилинган. Шунинг учун ҳам кимнинг “қизил таҳдид”га қарши курашиш дастури ишончлироқ бўлса, ўша номзод сайловда ғалаба қозонган. 

Хитойда коммунизм қабул қилинганидан сўнг, АҚШ ҳукумати Вьетнамда содир бўладиган ҳар қандай воқеани коммунистик экспансиянинг бир қисми сифатида кўра бошлади. 

АҚШ бунга йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблади ва Женева келишувларидан сўнг, Вьетнамда Франциянинг ўрнини бутунлай эгаллашга қарор қилди. Америкаликларнинг кўмаги билан Жанубий Вьетнам Бош вазири Нго Дин Зем, ўзини Вьетнам Республикасининг биринчи президенти деб эълон қилди. 
Унинг ҳукмронлиги зўравонликнинг энг ёмон шакллардан бири эди. Ҳукумат лавозимларига фақат ўзининг қариндошларини тайинлаган, улардан халқ президентдан ҳам кўра кўпроқ нафратланган. 

Режимга қарши чиққанлар қамоққа ташланди, сўз эркинлиги тақиқланди. Америкага бу ёқмаслиги аниқ, аммо Вьетнамдаги ягона иттифоқчи учун бунга кўз юмилди. 
Америкалик дипломатлардан бирининг айтишича: “Нго Дин Зем албатта аблаҳ инсон, лекин у бизнинг аблаҳ!”

ЖАНУБИЙ ВЬЕТНАМ — МИЛЛИЙ ОЗОДЛИК ФРОНТИ
Бундай вазиятда, Жанубий Вьетнам ҳудудида ҳаттоки Шимол томонидан қўллаб-қувватланмайдиган яширин қаршилик гуруҳларининг пайдо бўлиши аниқBattle_of_Ia_Drang_Valley-1.jpg эди. Бироқ, АҚШ ҳамма нарсада фақатгина коммунистларнинг фитналарини кўрди. Уларга қарши чораларнинг янада кучайтирилиши эса 1960 йил декабрь ойида барча Жанубий Вьетнам яширин гуруҳларини “Жанубий Вьетнам миллий озодлик фронти”га (Ғарбда “Ветконг” деб номланган) бирлашувига олиб келди. 
Энди Шимолий Вьетнам ҳам ушбу партизанларни қўллаб-қувватлай бошлади. Бунга жавобан эса АҚШ Нго Дин Земга ҳарбий ёрдамни кучайтирди. 1961 йил декабрь ойида АҚШ Қуролли кучларининг биринчи мунтазам бўлинмалари бўлган қўшинларининг ҳаракатчанлигини оширишга мўлжалланган иккита вертолёт роталарини юборди. Америкалик маслаҳатчилар жанубий вьетнамлик аскарларга сабоқ беришди ва ҳарбий операцияларни режалаштиришди. Бу билан Жон Кеннеди маъмурияти Вьетнамда “коммунистик инфекция"ни йўқ қилишга қарор қилганлигини ва иттифоқчиларини ҳимоя қилишга тайёрлигини Хрушевга намойиш қилмоқчи эди.

“ТИНЧЛИК НОМЗОДИ”НИНГ УРУШИ
Тўқнашувлар авжига чиқди ва тез орада Совуқ урушининг энг “қайноқ” ўчоқларидан бирига айланди. Америка Қўшма Штатлари учун Жанубий Вьетнамнинг йўқотилиши Лаос, Таиланд ва Камбоджанинг йўқотилишига олиб келар эди, бу эса Австралияга таҳдид яқин дегани. 
Земнинг партизанларга қарши самарали кураша олмаслиги маълум бўлгач, Америка разведка хизматлари Жанубий Вьетнам генераллари орқали тўнтариш уюштирдилар. 1963 йил 2 ноябрда Нго Дин Зем ва унинг акаси ўлдирилди. Кейинги икки йил ичида ҳокимият учун кураш натижасида яна бир тўнтариш бўлиб ўтди, бу эса партизанларга босиб олинган ҳудудларни кенгайтиришга имкон берди. 

1385535600_01.jpgШу билан бирга, АҚШ Президенти Жон Кеннеди суиқасд оқибатида ўлдирилди ва кўплаб “фитна назарияси” мухлислари буни Кеннедининг Вьетнам урушини тинч йўл билан тугатиш истаги кимларгадир ёқмаганлиги сабабли деб биладилар. 

Албатта Линдон Жонсоннинг янги президент сифатида имзолаган биринчи ҳужжати Вьетнамга қўшимча қўшин юбориш ҳақида бўлганлиги бу версияни мантиқий қилиб кўрсатади. Гарчи президентлик сайловлари арафасида Жонсон ўзини “тинчлик номзоди” сифатида кўрсатгани учун сайловда ғалаба қозонган бўлса-да, Жанубий Вьетнамда Америка аскарлари сони 1959 йилдаги 760 тадан 1964 йилда 23,3 минг кишига кўпайди.

ТОНКИН РЕЗОЛЮЦИЯСИ: УРУШ БОШЛАНДИ
1964 йил 2 августда Тонкин кўрфазидаги АҚШнинг икки ҳарбий кемаси бўлган “Maddox” ва “Turner Joy”га Шимолий Вьетнам кучлари томонидан ҳужум қилинди. 
Икки кундан кейин, “Maddox” кемаси иккинчи марта ҳужумга учраганини эълон қилди. Кема экипажи тез орада бу маълумотни рад этган бўлса-да, аммо разведка хизмати шимолий вьетнамликларнинг ушбу ҳужумни тан олганлиги ҳақидаги хабарларини ушлаганини эълон қилди. 
АҚШ Конгресси бирорта ҳам “қарши” овозсиз, 466 овоз билан Тонкин резолюциясини қабул қилди, бу эса президентга ушбу ҳужумга ҳар қандай усул билан жавоб бериш ҳуқуқини берар эди. Бу урушнинг бошланишини англатарди.

АҚШнинг Вьетнамга бостириб кириш тўғрисидаги қарор Конгрессдан ташқари, Президент, Мудофаа вазири Роберт Мак Намара ва Давлат котиби Дин Расклар томонидан ҳам қабул қилинди. Президент Линдон Жонсон Шимолий Вьетнам денгиз кучларига қарши ҳаво ҳужумларини амалга оширишни буюрди (“Pierce Arrow” операцияси). Пентагон эса Жануби-Шарқий Осиёда “можарони ҳал қилиш” қарорига хурсандчиликсиз жавоб берди.
Ўша йилларда ёш офицер бўлган Колин Пауэлл: “Бизнинг ҳарбийлар, раҳбариятга урушнинг бундай усули кафолатланган йўқотишларга олиб келади деб айтишдан қўрқди”, деган эди.

Америкалик таҳлилчи Майкл Деш шундай ёзади: “Ҳарбийларнинг фуқаровий ҳокимиятга сўзсиз бўйсуниши, биринчидан, уларнинг обрўини йўқотишига олиб келади, иккинчидан, Вьетнам каби авантюраларга расмий Вашингтон бемалол қўл уришига олиб келади”.

Шундай қилиб, 1965 йил 2 мартдан бошлаб Америка Қўшма Штатлари Шимолий Вьетнамни мунтазам равишда бомбардимон қилишни бошлади. Бу АҚШ ва Вьетнам тарихидаги энг қонли ва шафқатсиз урушлардан бири бўлди. 

Нурбек Алимов,
Халқаро муносабатлар эксперти