ЎзА Ўзбек

04.04.2020 Чоп этиш версияси

Чимкент ҳам энди карантинда

Чимкент ҳам энди карантинда

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бугун 21.00 дан бошлаб карантин ҳолати эълон қилинди. Бу ҳақда шаҳар акимати сайтида маълум қилинган.

Фавқулодда ҳолат пайтида қуйидаги чора-тадбирлар белгиланган:

1. Шаҳар Бош санитар шифокори қарорида кўрсатилган ташкилотлардан ташқари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар қандай ташкилотлар фаолияти тўхтатилди. Жамоавий ҳордиқ масканлари, жумладан хиёбонлар ва кўчалардаги болалар ўйин майдончалари ишламайди.

2. Юқорида қайд қилинган қарорда кўрсатилган шахслар, ташкилотлардан ташқари ҳар қандай турдаги транспорт воситалари учун, фуқаролар ( шу жумладан пиёдалар) учун шаҳарга кириш ва шаҳардан чиқиш тақиқланди.

3. Йўналишли микроавтобуслар ҳаракати бутунлай чекланди, улар автобуслар билан алмаштирилади. Шаҳар жамоат транспорти 07.00 дан 19.00 гача ишлайди.

4. Бутун шаҳар ҳудуди бўйлаб дезинфекциявий ишлов бериш кучайтирилади.

5. Фуқаролар ҳаракати бутунлай тўхтатилди. Бу чора тўлиқ ўз-ўзини ҳимоялаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадини кўзлайди. Чеклов тиббиёт, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, коммунал хизмат ходимлари ва шаҳар фаолиятини таъминлайдиган шахсларга тааллуқли эмас.

Қолган фуқаролар уйларидан фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон харид қилиш, тиббий хизматлар қабул қилиш, банк хизматларидан фойдаланиш учунгина чиқишлари мумкин.

Ҳозирча шаҳарда комендантлик ҳолати жорий этилмаган.

Карантин тартибини бузган шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари аниқлайди.

6. Карантин ҳолати ва фавқулодда вазият амал қилган даврда шаҳар ҳудудида ёши 55 дан юқори бўлган шахсларга ўта зарур ҳолатлардагина кўчага чиқиш тавсия этилади.

7. Қарорда кўрсатиб ўтилган барча ташкилотлар масъуллари ходимларни иш жойидан бериладиган маълумотномалар билан таъминлаши шарт.

8. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилинадиган бозорлар иш тартиби аввалгидек — 10.00 дан 18.00 гача, аҳоли турар-жойларига яқин жойлашган озиқ-овқат дўконлари 10.00 дан 21.00 гача ишлайди.

9. Барча умумий овқатланиш нуқталари 10.00 дан 22.00 гача онлайн-буюртмалар қабул қилиш тартиби билан уйга етказиб бериш режимига ўтди.

10. Шаҳарда шахсий автотранспортлар ҳаракати тақиқланди. Чеклов қарорда кўрсатилган ташкилотларга тегишли, ишга бориб келишга мажбур автомобиллар бундан мустасно. Бунинг учун уларда иш жойидан маълумотнома бўлиши шарт.

Бундан ташқари биринчи навбатда зарур бўладиган озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа маҳсулотлар харид қилиш учун уйдан ёки иш жойидан яқин масофада жойлашган дўконлар ва дорихоналарга, шунингдек шошилинч тарзда тиббиёт муассасаларига автотранспорт воситасида бориш мумкин.

Бундан аввалроқ Чимкент шаҳрига автомобилда кириб-чиқиш тақиқланган эди.

2 984
ЎзА