ЎзА Ўзбек

30.04.2020 Чоп этиш версияси

Чехияда сўнгги 500 йил давомида энг кучли қурғоқчилик кузатилмоқда

Чехияда сўнгги 500 йил давомида энг кучли қурғоқчилик кузатилмоқда

Чехия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбари Рихард Брабец мамлакатда юзага келган иқлим билан боғлиқ вазиятга бағишланган брифингда аҳволни “ўта фожиали“ деб атади. Чунки вазирнинг таъкидлашича, бу қадар кучли қурғоқчилик Чехияда сўнгги 500 йилда илк бор кузатилишидир.

“Мамлакат миқёсида оладиган бўлсак, бизга 60 фоиз ёғингарчилик етишмаяпти, айрим ўлкаларда аҳвол бундан ҳам қайғули.

Сув етишмаслигига сабаб нафақат ёмғирларнинг йил бўйи кам ёққанида, балки ҳароратнинг ҳам доимо кўтарилиб бораётганида ҳамдир. Шундай экан, вазиятни бемалол фожиали, деб атасак бўлади, чунки ҳозирги қурғоқчилик охирги 500 йилда энг кучлисидир“, — деди Брабец.

Вазирнинг таъкидлашича, қурғоқчилик одатда кейинроқ, май ойининг охирида, июнь ойининг бошларида сезила бошлайди.

“Ўтган қиш амалда қорсиз келди, тоғ чўққиларига қараб бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шу боис қишлоқ хўжалиги ишчилари келгуси ҳосилни бой беришидан қаттиқ хавотир олиб, мартнинг ўрталаридан бонг ура бошлади“, — деди вазир.

Айни пайтда қурғоқчилик оқибатларини камайтириш учун сувни тежаш чоралари кўрилмоқда. Аҳоли пунктларида сув истеъмолини чеклаш, унчалик катта бўлмаган шаҳар ва қишлоқларда одам бошига кунига 100 литр сув истеъмолини белгилаш ушбу чоралар жумласига киради. Қолаверса, қувурлардан келаётган сув билан боғ ва ҳовлиларни суғориш, ҳовузларни тўлдириш тақиқланган. Брно университети ходимлари томонидан қуриқ тупроқда сувни ушлаб туриш учун фойдаланиладиган дренаж тизими ишлаб чиқилди. Дарёлардан далаларга сув олиб чиқиш учун махсус каналлар қурилмоқда.

Вазир мамлакат ҳудудидан ўтган дарёларда ҳам сув камайиб кетганига эътибор қаратди. Масалан, Усти-над-Лабем шаҳри ҳудудидан ўтадиган Лабе (Эльба) дарёсида сувнинг чуқурлиги 1,5 метрга тушиб қолган. Бу одатдаги сув ҳажмидан қарийб икки баробар оз. Бундан ташқари, дарёларда сувнинг камлиги Чехияни Германиянинг Гамбург шаҳри билан боғлайдиган кемачилик саноатига ҳам хавф солмоқда. Прага яқинидаги Влтаве ва Мораве дарёларида эса вазият бунданда ачинарли. Ушбу дарёларнинг ўзанлари бутунлай қуриб қолган.

Брабецнинг таъкидлашича, ушбу масала ҳамда уни ҳал қилиш чоралари келаси душанба куни ҳукумат даражасида муҳокама этилиши кутилмоқда.

1 377
ЎзА