ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўғил кўрди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўғил кўрди

Яқиндагина корнавирусдан халос бўлиб, ишга қайтган Буюк Британия ҳукумати раҳбари Борис Жонсон ва унинг маъшуқаси Кэрри Саймондс ўғил фарзандли бўлишди. Бу ҳақда Бош вазир девонхонаси вакили маълум қилган.

«Бугун эрта тонг Лондондаги туғруқхоналардан бирида машҳур жуфтликнинг ўғли туғилди. Болакай соғлом, она ҳам ўзини яхши ҳис этяпти», — дея хабар берган манба ОАВ ходимларига.

Жонсон ва Саймондс фарзанд кутишаётгани тўғрисидаги хабар февраль ойи охирларида ошкор қилинганди. Жуфтлик ўшандаёқ никоҳдан ўтаётганини маълум қилган.

«Бош вазир ва Саймондс хоним Миллий соғлиқни сақлаш тизими шифохонаси туғруқ бўлимининг фидойи ходимларига алоҳида минатдорлик изҳор этишди», — дея қўшимча қилган вакил.

Маълумки, ҳукумат раҳбари коронавирусдан даволаниб чиққач, 27 апрель куни қайтадан ўз фаолиятини давом эттиришга киришди. Унинг рафиқаси Кэрри Саймондсда ҳам бироз аввалроқ ушбу хасталик белгилари намоён бўлган.

Саймондс 31 ёшида илк бор оналик бахтига муяссар бўлди. Ота сифатида катта тажрибага эга 54 ёшли Жонсон эса аввалги никоҳидан, юрист Марина Уилер билан турмушидан 4 фарзанд кўрган. Ҳозир улар вояга етган. Шунингдек, амалдорнинг яна икки никоҳсиз туғилган боласи - санъатшунос Хелен Макинтайр билан қизи ҳамда номаълум аёл билан ўғли борлиги ҳақида миш-мишлар юради. Жонсоннинг ўзи шу мавзудаги саволлардан доим ўзини олиб қочади.

1 695
ЎзА