ЎзА Ўзбек

15.03.2019 19:48 Чоп этиш версияси

Бу Янги Зеландия тарихидаги энг қора кунлардан бири бўлди

Бу Янги Зеландия тарихидаги энг қора кунлардан бири бўлди

Аввал хабар берганимиздек, Янги Зеландия шарқидаги Крайстчерч шаҳрида номаълум шахслар иккита масжидга ҳужум қилиши оқибатида 49 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда полиция вакили Майк Буш маълум қилди. Шаҳар шифохонасига жароҳат олган ўнлаб кишилар олиб борилди.

“The New Zealand Herald” газетасининг хабар қилишича, тўрт нафар гумондор, жумладан, бир аёл ушланди. Ҳозирча ҳужумда қанча киши иштирок этгани аниқ эмас. Полиция амалиёти давом этмоқда. Қўлбола портловчи мосламалар, ўқ отар қуроллар ва ўқ-дорилар мусодора қилинди. Экспертларнинг фикрича, қўлга туширилган қурол яроғлардан бир нарса аниқки ҳужумга аввалдан пухта тайёргарлик кўрилган.

Нашр маълумотига кўра, ҳужум қилганлардан бири австралиялик бўлиб, у ҳужумдан аввал муҳожирларга қарши кайфиятни акс эттирувчи ўта ўнг қарашдаги манифест ёзган.

“Бу террор ҳужуми”, дейилади матнда. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужум қилганлардан бирининг исми Брентон Таррант. У масжидга ҳужумни интернетда тўғридан-тўғри намойиш қилган.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, бир-бирига яқин бўлган масжидларга қуролланган кишилар бостириб кирган ва ичкарида 300га яқин киши бўлган бинога кириш йўлларини тўсиб қўйган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳарбий камуфляж ва шлемда бўлган ҳамда автомат қуроли бўлган киши шаҳар марказидаги Аль-Нур масжидига келувчиларга қарата ўқ узган.

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн ҳужумни мисли кўрилмаган зўравонлик акти, дея атади.

“Бу мамлакатимиз тарихидаги энг қора кунлардан биридир”, дея баёнот берди бош вазир.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан Янги Зеландиядаги барча масжидлар айни дамда ёпилган.

ЎзА
5 740