ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

“Бу – антиутопия”. Америкалик эксперт 2020 йил дунё қандай ўзгаришини тахмин қилди

“Бу – антиутопия”. Америкалик эксперт 2020 йил дунё қандай ўзгаришини тахмин қилди
20 апрель куни АҚШдаги энг оммабоп нашрлардан бири “The Daily”да вирусология ва турли даврларда ер юзи бўйлаб тарқалган пандемиялар бўйича мутахассис, илмий журналист Дональд Макнейлнинг коронавирус пандемияси ривожланиши билан боғлиқ фикрлари эълон қилинди. Аҳамиятлиси, ушбу экспертнинг февраль ойида билдирган аксарият башоратлари тўғри чиққан. Мутахассис фикри кўпчилик учун қизиқарли бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, унинг айрим фаразларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.


КАРАНТИН ҲАҚИДА

Мен келажакда нима бўлишини олдиндан айта олмайман. Фақат, экспертлар билан гаплашаман, ўзим ёритган бошқа пандемияларни таҳлил қиламан, тиббиёт тарихчилари билан суҳбатлашаман ва шу маълумотлар асосида тахминлар билдираман.

Кўпчилик ўйлаяптики, биз (яъни АҚШ) одатий ҳаётга май, июнь ёки августда қайтамиз. Бу фантастика. Агар ҳаммамиз кўчага чиқиб кетсак, уч ҳафтада барчаси зўр бўлади, бироқ яна бир ҳафтада тез ёрдам бўлимлари яна тўлиб-тошиб, одамлар ҳалок бўла бошлайди.

Карантин тартибини бекор қилишнинг энг тўғри йўлини тавсифлаб берган Томас Пуэйо бу тамойилни “Болға ва Рақс” деб атаганди. Бунда болға – карантин, рақс эса – карантиндан чиқиш. Қурбонлар камайиши билан биз рақсга туша бошлаймиз ва бу ўлим даражасига қандай таъсир этишини кузата бошлаймиз. Мабодо, яна ҳалок бўлаётганлар сони оша бошласа, дарров болғага қайтамиз.

Бу жараён бир неча марта такрораланади ва шу тариқа чекловларнинг зарур даражасини аниқлаб оламиз. Ҳар гал рақсга тушганимизда бир неча одамни касаллик хавфи борлар рўйхатидан чиқариб ташлаймиз. Улардан бир нечаси вафот этади, кўпчилигида эса иммунитет ҳосил бўлади.

Биз кишилардан бир неча чораларни сўрашимиз мумкин. Масалан, ниқоб тақишни, суҳбатлашганда ёки бирор жойда ўтирганда 2 метр оралиқ масофа сақлашни. Омма йиғиладиган жойларда 100 эмас, 10 нафар мижоз бўлади. Муайян миқдорда кишиларга ҳар куни масофани сақлаган ҳолда метрода юришга ҳам рухсат бериш мумкин.

Ишхонада вақтини, асосан компьютер ёнида ўтказадиган жуда кўп ходимлар учун ишга қайтишнинг ҳожати йўқ. Зеро, ишхонада бўлишдан келадиган ҳар қанча нафдан кўра, орттириладиган хавф даражаси кўпроқ. Албатта, турли корхона, ташкилот, муассасалар учун зарур чоралар ҳам ҳар хил бўлади. 

Мамлакатнинг қайсидир ҳудудларига инфекция етиб бормайди, деб ўйлаш саробдан бошқа нарса эмас. Шунчаки, вирус қаердадир фаол ва бошқа жойда суст ривожланади.

Барибир, қанчадир миқдорда вирус тарқалишидан мутлақо холи қолишнинг иложи йўқ, чунки шаҳар хизматлари ходимлари, тиббиётчилар ҳар андай вазиятда ўз иш жойларида бўлишлари шарт. “Болға ва рақс” эса инфекция тарқалишини секинлаштиради, холос.



ВАКЦИНА ҲАҚИДА

1.jpg

Эпидемиологик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айни пайт Америка аҳолисининг 3 фоиздан 10 фоизгача қисми зарарланган бўлиши эҳтимоли бор.

Рақс, қачонки қўлимизда ҳамма қабул қила оладиган даражада вакцина ёки бизни ҳимоя қила оладиган профилактика таблеткаси тайёр бўлгандагина тугайди. Яна бир йўли бор: 70 фоиз одамга юқса, вирус бошқа янги қурбонларини топа олмайди.

Вакцина тайёр бўлиши учун энг камида 18 ой керак. Ҳозиргача энг тез тайёр бўлган вакцина – эпидемик паротитга қарши дори воситаси яратилишига 4 йил кетган. Бизда бу жараённи тезлаштириш усуллари мавжуд, аммо чора-тадбирларни жадаллаштириб бўлмайди.

Вакцина ишлаб чиқариш – жуда улкан меҳнат. АҚШ учун 300 миллионов доза вакцина керак бўлади, 2 тадан меъёр зарур бўлса, демак 600 миллион доза тайёрлаш лозим. Режалаштиришни ҳозирданоқ бошлаш керак.

Вакцинани тестдан ўтказишни одатий вазиятда этика нуқтаи назаридан тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада бошлашимиз мумкин. Масалан, хавфсизлик стандартлари талабларини анча сусайтиришга тўғри келади.

Иссиқ об-ҳавода бу вирус ўлади, деган фикрнинг ҳеч қандай исботи йўқ, чунки коронавирус ҳозир Ҳиндистон, Бразилия, Австралия каби иссиқ ўлкаларда ҳам бемалол “айланиб юрибди”.


ИММУНИТЕТ ҲАҚИДА 

Коронавирусни енгиб ўтган одамларга ҳозир талаб жуда кучли. Улар анчайин хавфли тиббий топшириқларни бажаришлари, масалан, мижозларни интубация қилишлари мумкин. Зеро, улар энди инфекциядан қўрқмайдилар. Шифокорлар ва олимларга уларнинг қони зарур, ёт таначалар ҳосил қилиш учун.

Бу фантастика. Бу ўзига хос антиутопия. Касалликни бошидан кечирганлар жамиятда алоҳида синфни ташкил этади. Улар ҳар қандай иш учун керак бўлади. Улар ҳохлаган жойларига саёҳат қилишлари, беморлар билан юзма-юз гаплашишлари мумкин. Жамиятдаги икки хил, бир-биридан фарқ қиладиган синфлар учун янги стандартлар, янги ҳаёт тарзи пайдо бўлади. Фақат бир нарса аниқ эмас: организмда ҳосил бўлган иммунитет қанча вақт сақланиши. Ахир, касаллик ўтган йилнинг ноябрь ойидагина аниқланди...

Июнда набирам туғилиши керак. Мен эса ўз уйимда ўтирибман. Эҳтимол, бу ердан ҳали-бери, у икки ёшга тўлмагунча чиқолмасман. Буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат. Агар сизда иммунитет бўлса, сиз бориб менинг неварамни кўриб келишингиз, кўчага чиқишингиз ёки ҳатто, менинг иш жойимни эгаллашингиз мумкин.

Германияда иммунитет мавжудлигини тасдиқлайдиган сертификатлар берилиши тўғрисида гапирила бошланди. Хитой эса шахсий QR-код тақдим этишга тайёргарлик кўряпти.

Кишилар атайлаб ўзларини зарарлашлари, бу усул кенг тарқалиши ҳам мумкин. Тарихда шунга ўхшаш мисоллар кўп. Масалан, шамол ўлати тарқалганда, вакцина кашф этилгунча йиллар давомида ота-оналар ўз фарзандларига иммунитет ҳосил бўлиши учун хасталикни атай юқтиришган. Ҳозир ҳам хавф жуда юқори, чунки ёшгина, соғлом инсонлар кутилмаганда сунъий нафас юбориш ускунасига уланяпти, айримлари жон бермоқда.

Дори-дармон яратиш бўйича олдинга силжиш кузатилмаяпти. Ҳозирча шифокорлар коронавирусни енгиб ўтганлардан таначалар олишга ҳаракат қилишяпти, кейин улардан беморлар танасидаги вирусни йўқотишда фойдаланиш учун. Афсуски, бу технология жуда секин ривожланяпти, демак келажакда бу усулнинг ишлаб кетиши даргумон.


ҲАЁТ ҲАҚИДА

Мен ҳар доим бандман. Ҳар қачонгидан кўпроқ ишлаяпман, бу эса менда мақсад ҳиссини уйғотмоқда, вужудимга руҳий барқарорлик бахш этмоқда. Қармоқ сотиб олишни кўзлаяпман, айрим чолларга ўхшаб кўлчада балиқ тутишга одатланиш учун. Сиз ҳам фикран ўзингизни шунга ўхшаш фаолиятга тайёрлаб боришингиз лозим. Ҳозир менда ёруғ келажакка ишонч бор, бу ҳам мени қўллаб-қувватлаяпти.

Мен 1954 йил таваллуд топганман, ота-онам Буюк депрессияни бошидан кечирган, Иккинчи жаҳон уруши даврини кўрган авлодга мансуб. Уларда ҳаётга муносабат бошқача бўлган. Улар “Биз иложи бўлмаган ишни қилдик, бунинг ҳаммасини биргаликда уддаладик, бу йўлни биргаликда босиб ўтдик!” деган юксак ҳис-туйғу билан яшаганлар.

Умид қиламанки, шундай замон яна келади. Яна одамлар ҳаётдаги кичик хурсандчиликлардан катта завқ ола бошлайдилар. Биз жамиятнинг барча жабҳаларида бир-биримиз ҳақида қайғураётганимизга ўзимиз ҳам ишонч ҳосил қилишимиз учун янада кўпроқ эзгу ишларни қиламиз. Юқорида айтганимдек, мен келажакни олдиндан башорат қилгим келмайди, лекин бундан нималардир чиқади, барибир.


1 887
ЎзА