ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Британия бош вазири парламентдан мағлубиятга учради

Британия бош вазири парламентдан мағлубиятга учради

Бирлашган Қироллик депутатлари ҳукуматнинг октябрда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш ҳақидаги таклифини яна рад этди. 

Сешанбага ўтар кечаси ўтказилган овоз бериш жараёнида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон томонидан илгари сурилган мазкур таклиф парламентда етарли овоз тўплай олмади. 

Борис Жонсоннинг ушбу мағлубияти у ҳукумат тепасига келган муддатдан (2019 йил июлдан) буён олтинчиси бўлиб, "Sky News" телеканали ҳисоб-китобига кўра, собиқ бош вазир Тони Блэр 10 йилда (1997-2007) учраган мағлубиятлар сонидан ҳам кўпдир. 

Эндиликда Британия депутатлари беш ҳафта давом этувчи мажбурий таътилга чиқишади. Август ойининг сўнггида Борис Жонсон парламент қонунчилик палатаси фаолиятини 14 октябрга қадар тўхтатиб қўйиш бўйича монархдан рухсат олишга эришган эди. 

Британия бош вазири изоҳига кўра, ушбу қарор янги ҳукуматнинг Брексит билан боғлиқ қатор қонун ҳужжатларини тайёрлаши важидан қабул қилинган. Бироқ, мухолифат партия Жонсоннинг ушбу қарорини Брексит масаласида ҳукумат парламентни четлаштиришга уринаётгани сифатида баҳолади ва Бирлашган Қиролликни Европа Иттифоқидан чиқишини 3 ойга (2020 йил январгача) кечиктиришни тақозо этувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди ва қисқа муддатларда монарх томонидан тасдиқлатишга эришди. Душанбадан қонун мақомини олган мазкур ҳужжат Буюк Британия ҳукуматини Брекситни уч ойга кечиктириш ва Европа Иттифоқини шартларсиз тарк этмасликка мажбурловчи кучга эга. 

2 478
ЎзА