Бразилияда ўн бир киши хлорохиндан вафот этди
Мана неча ойдирки коронавирус инфекцияси билан зарарланиш давом этаётган бўлса-да, ҳамон унга қарши аниқ дори воситаси топилганича йўқ.
Мана неча ойдирки коронавирус инфекцияси билан зарарланиш давом этаётган бўлса-да, ҳамон унга қарши аниқ дори воситаси топилганича йўқ. Деярли барча давлатлар илмий-тадқиқот муассасаларида турли даволаш усуллари ўрганиб чиқилмоқда.
Жумладан, Бразилияда бу борада хлорохиндан кенг фойланилмоқда. Мамлакат президенти Жаир Болсонар хлорохин коронавирусга қарши энг самарали восита дея эътироф этмоқда. Аммо Бразилияда коронавирус юқтирган беморларни хлорохин билан даволаш устида олиб борилаётган тадқиқотлар вақтида 11 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган, деб хабар беради “Франкфуртер альгемайне цайтунг”.
Давлат томонидан молиялаштирилаётган Манаус шаҳридаги Тропик тиббиёт институти ўтказаётган тадқиқот доирасида бир неча ҳафта давомида шифохонада 81 беморда хлорохин билан муолажа олиб борилди. Беморларга 10 кун давомида кунига 600 миллиграммдан дори берилди, деб ёзади немис журналисти Тьерк Брювиллер.
Тадқиқот доирасида беморларга хлорохин дозаси тавсия этилган доза миқдорига нисбатан ошириб берилган. Бир неча кун ўтиб шифокорлар Манаусдаги беморларнинг юрак-қон томирларида салбий ўзгаришлар кузатган. Тадқиқотнинг олтинчи куни 11 нафар бемор вафот этди. Шундан сўнг тажриба-синов ишлари тўхтатилди.
Сўнгги ҳафталарда коронавирусга қарши курашда хлорохиндан фойдаланиш тиббиёт мутахассислари томонидан кескин муҳокама қилинмоқда. Хлорохин ва гидроксихлорохин безгак касаллигини даволашда кейинги 10 йилликда муваффақиятли қўлланиб келинаётган эди. Шунингдек, баъзи тадқиқотлар унинг коронавирусга қарши курашда самара бераётганини кўрсатмоқда.
Бироқ, мутахассислар хлорохинни юқори дозада азитромицин антибиотиги билан бирга қўллаш инсон ҳаёти учун хатарли бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Сабаби иккала препарат ҳам юрак-қон томири ритми бузилишига олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ушбу препарат айнан катта ёшдаги Covid-19га чалинган беморларни даволашда хавфлидир. Шунга қарамасдан Бразилиянинг бошқа ҳудудий клиникаларида ушбу дори устида тадқиқот олиб бориш давом этмоқда.
Бразилия президенти Жаир Болсонар ҳамон хлорохиннинг самарадорлигига шубҳа қилмаяпти. У ҳатто яқинда мамлакат қуролли кучларининг кимёвий лабораторияларида хлорохинни ишлаб чиқаришга буйруқ берди. Куни кеча Фейсбук ва Твиттер ижтимоий тармоқлари президентнинг коронавирус бу хавфли вирус эмас ва хлорохинни коронавирусга қарши самарали дори сифатида мақтагани, коронавирус тарқалишига қарши қўлланилаётган чекловларни танқид қилгани тўғрисидаги хабарларини ўчириб ташлади, дея якунлайди “Франкфуртер аллгемайне цайтунг”.