ЎзА Ўзбек

11.11.2019 Чоп этиш версияси

Боливия Президенти истеъфога чиқди. Бу мамлакатда нималар содир бўлмоқда?

Боливия Президенти истеъфога чиқди. Бу мамлакатда нималар содир бўлмоқда?

Боливия Президенти Ево Моралес 10 ноябрь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Мамлакат Олий сайлов суди эълон қилган маълумотларга кўра, у 20 октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозонган. Бироқ, Боливияда сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин норозилик намойишлари бошланиб кетди. 

Ҳаммаси қандай бошланди?

Боливияда 20 октябрь куни президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Энг юқори давлат лавозимига 9 нафар номзод даъвогарлик қилди. Асосий кураш мамлакатнинг собиқ раҳбари Карлос Меса ва Боливиянинг амалдаги Президенти Ево Моралес ўртасида кечди. 

Овоз беришнинг биринчи натижалари сайлов участкалари ёпилганидан бир неча соат ўтгач эълон қилинди. Шундан сўнг, овозларни ҳисоблаш тўхтатилди. Бу ҳолат Боливия мухолифати, шунингдек, Aргентина, Бразилия, AҚШ ва Aмерика Штатлари раҳбарияти эътиборини тортди. Бир неча соатлик танаффусдан кейин сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини эълон қилишни давом эттирди. 100 фоиз бюллетенларни қайта ишлаш натижаларига кўра, Моралес 47,08 фоиз овоз тўплади, Меса эса 36,51 фоиз овоз олди.

Сайлов натижаларидан норози бўлган мухолифат тарафдорлари норозилик намойишларига чиқди. Шу муносабат билан Моралес мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва мухолифатни давлат тўнтаришини уюштиришга уринганликда айблади. 

Моралес, мухолифат ва намойишчилар босими остида истеъфога чиқмасликка ваъда берганига қарамай, 10 ноябрь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Баёнотдан бир неча соат ўтгач норозилик намойиши раҳбари Луис Фернандо Камачо полицияга уни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ берилганини маълум қилди. Бироқ полиция бу маълумотни рад этди.

Боливия президентлигига номзод Карлос Меса Моралеснинг истеъфосини “зулмнинг охири“ деб атаган. Давлат раҳбари ортидан Вице-президент Aлваро Гарсия Линера ва Сенат спикери Aдриан Салвиерра истеъфога чиқишини эълон қилган. Сенат спикерининг иккинчи ўринбосари, Демократик Бирлик мухолифат партиясидан Жанине Aгнес эса президентликка киришишини билдирган. 

Моралес баёнотига қадар Боливия кон ва металлургия вазири Сезар Наварро ва углеводородлар ва энергетика вазири Луис Aлберто Санчес ҳам истеъфога чиқишга қарор қилган. Шунингдек, Сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Aнтонио Костас ҳам президентлик сайловларидан кейин истеъфога чиққан. 

Бошқа давлатлар Боливиядаги воқеаларга қандай муносабатда? 

Куба, Никарагуа ва Венесуэла расмийлари Боливия Президентининг истеъфосини “тўнтариш” деб атади. Куба ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда бўлаётган воқеаларни қоралади ва Эво Моралес билан бирдамлигини билдирди. Колумбия ташқи ишлар вазирлиги Боливиядаги инқироз муносабати билан Aмерика давлатлари ташкилотининг фавқулодда йиғилишини чақиришни таклиф қилди.

Бразилия Президенти Жаир Болсонару Моралес истеъфога чиқиши арафасида электрон овоз беришдан бош тортиш ва қоғоз бюллетенларидан фойдаланишга қайтиш кераклигини айтган эди. Бразилиянинг собиқ раҳбари Луис Инаcио Лула да Силва минтақанинг иқтисодий элиталарини Боливиядаги давлат тўнтаришида айблади. Бразилия ташқи ишлар вазири Ернест Aраужонинг фикрича, Боливиядаги воқеаларни тўнтариш деб бўлмайди.

Мексика ташқи ишлар вазири Марсело Эбрард Боливияда бўлаётган воқеаларни “ҳарбий операция“ деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Мексика расмийлари Моралесга бошпана беришга тайёр. 

Aргентина Президенти Aлберто Фернандес “Ево Моралеснинг ўз ваколатини якунлашига халақит берган зўравонлик ҳаракатларини“ қоралади. Перу раҳбарияти Боливияда тинчлик ва тотувликни тиклашга чақирди ва у ерда умумий сайловлар ўтказиш кераклигини таъкидлаган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Aнтониу Гутерреш Боливиядаги воқеалар, хусусан мамлакат раҳбарининг истеъфоси билан боғлиқ хавотирини билдирган.

Моралеснинг сиёсати қандай эди? 

Эво Моралес Боливия Президенти сифатида деярли 13 йил - 2006 йил январидан 2019 йил ноябргача фаолият олиб борди. Сиёсатчи мамлакатда ижтимоий ислоҳотлар, хусусан пенсия ёшини (65 ёшдан 58 ёшгача) камайтириш, энг кам иш ҳақини ошириш ва саводсизликка қарши курашиш дастурларини амалга оширишга бош-қош бўлган.

Хорижий ОАВ материаллар асосида Малоҳат ҲУСАНОВА тайёрлади

2 483
ЎзА