ЎзА Ўзбек

02.08.2020 Чоп этиш версияси

Болгарча майдонми бу? София марказида намойишчилар чодир қуриб олишди

Болгарча майдонми бу? София марказида намойишчилар чодир қуриб олишди

Намойишчилар Болгария пойтахти София шаҳрининг қоқ ўртасида йўлларни ёпиб, ҳаракатни чеклаб қўйишди. Бунинг устига улар марказда чодирлар ҳам ўрнатиб олишди. Бу ҳақда «Российская газета» ёзган.

Нашр тарқатган хабарга кўра, норозилик тадбири иштирокчилари ҳукуматнинг мамлакатда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий инқирозга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижа бермаётганидан жунбишга келган. Шунингдек, одамлар кейинги пайтда авж олиб кетган коррупция билан боғлиқ можароларга тез-тез давлатнинг раҳбар шахслари ҳам аралашиб қолаётганидан ғазабга отига минишди.

Аввалроқ Болгария президенти Румен Радев сиёсий жараённи «қайта изга солиш ва модернизация қилиш» учун ҳукумат ва Бош прокурордан истеъфо беришини сўраганди.

Болгарияда норозилик намойишлари сўнгги бир неча ҳафта мобайнида узлуксиз давом этяпти. Айни ҳолат сабабини таҳлилчилар президентнинг хавфсизлик ва ҳуқуқ масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳибсга олиниши билан боғламоқда. Ушбу мулозимлар давлат сирини фош этиш ва ўз таъсир кучи доирасидаги имкониятларидан шахсий манфаати йўлида фойдаланиш каби айбловлар билан қўлга олинган.

Ўтган ҳафтада Болгария социалистик партияси парламентга мухолифат коррупцияда айблаётган ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми тўғрисидаги масалани киритди.

3 570
ЎзА