ЎзА Ўзбек

15.03.2019 14:31 Чоп этиш версияси

Boeing можароси дунё авиациясини ўзгартирадими?

Boeing можароси дунё авиациясини ўзгартирадими?


Дунё бўйлаб Boeing самолётлардан фойдаланишнинг тўхтатилиши мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди. 

Бу ҳалокат дунё аҳлини ҳаяжонга солди. Boeing самолётларидан фойдаланишни давом эттириш натижасида келиб чиқадиган оммавий авиаҳалокатлар бундан ҳам аянчли аҳволга олиб келиши мумкин. Шундоқ ҳам бу русумдаги икки самолётнинг ҳалокати 348 нафар инсон ҳаётига зомин бўлди. 

2018 йилнинг 29 октябрида Индонезиянинг Lion Air компаниясига қарашли Boeing-737 MAX 8 самолёти ҳалокатга учраган, 189 киши вафот этган эди. Беш ой ўтар-ўтмас 10 март куни Эфиопиянинг Ethiopian Airline компаниясига тегишли Boeing-737 MAX 8 самолёти Аддис-Абеба ― Найроби йўналиши бўйлаб учаётиб, Дэбрэ-Зэйт шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Самолётда 159 киши бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 35 давлат вакили бор.

Кетма-кет рўй берган бу ҳалокатлар бутун дунёни ларзага келтирди. Икки кун ичида 30 дан зиёд авиакомпаниялар мазкур ҳаво кемаларидан фойдаланишни тўхтатди. 50 га яқин мамлакат улар учун ўз ҳаво чегараларини ёпди. 

Ҳалокатдан аввал Ethiopian Airlines учувчиси бошқарувда муаммо келиб чиққани ҳақида диспетчерларга хабар берган, аэропортга қайтишни режалаштираётганини айтган. Лекин у айнан қандай техник носозлик юзага келгани ҳақида гапирмаган. Бошқарувда юзага келган муаммолар ҳар икки самолётларнинг ҳалокатига сабаб бўлган. Ваҳоланки, Эфиопия ва Индонезия самолётларининг ҳар иккисини ҳам тажрибали экипажлар бошқарган.

Boeing раҳбарияти бу самолётларда ҳеч бир носозлик йўқлигини таъкидлаб, уларнинг АҚШ ҳудудидаги парвозини тўхтатишдан бўйин товлади. Бунга масаланинг моҳиятини тушунмасдан, вазиятни қўлдан бой бермасликка ҳаракат, деб қараш мумкин. 

Қисқа муддатда концерн акциялари биржа савдоларида кескин тушиб кетди. Ҳаво кемаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги ишонтиришларга қарамай 13 март куни вазиятга Президент Дональд Трампнинг ўзи аралашди. У АҚШ барча Boeing 737 Max 8 ва Max 9 русумли самолётлар парвозини тақиқлаганини маълум қилди. Трампнинг бу қарорини АҚШ Федерал авиация бошқаруви ҳам маъқуллади. Шундан сўнггина корпорация раҳбарияти мазкур русумдаги самолётлар парвозининг тўхтатилишига розилик билдирди. Шунга қарамай авиаконцерн самолётларнинг бошқарув тизимида муаммо йўқлиги ҳақида расмий маълумот беришда давом этмоқда. 

Ҳозирги кунда бутун дунё бўйича 371 дона Boeing 737 Max 8 ва Max 9 русумли самолётлар мавжуд. Авиакомпаниялар томонидан буюртма қилинган юзлаб ҳаво кемалари тақдири номаълум. Boeing 737 MAX — Boeing тарихидаги энг харидоргир самолёт. Шу кунгача унга 5000 дан зиёд буюртма қабул қилинган. 25 миллиард доллар миқдорида зарар кўришга улгурган Boeingни олдинда катта миқдордаги йўқотишлар кутиб турибди. Норвегиянинг Norwegian Air компанияси 737 Max 8 самолётлари парвозининг тўхтатилгани сабабли компенсация талаб қилишга ҳам улгурди. 

АҚШда — энг «учар» мамлакатда бу самолётлардан уч авиакомпания: United Airlines, American Airlines ва Southwest Airlines фойдаланади. Замонавий самолётларда бошқарув асосан автоматик тарзда юритилади, учувчилар фақатгина автоматик борт тизимларининг тўғри ишлашини кузатиб борадилар. Муаммо ва хатолардан кўз юмиш АҚШ ҳукуматига ҳам, унинг йирик корпорацияларига ҳам одатий ҳолдир. Зеро, турли аваикомпаниялар учувчилари Boeing 737 Max 8 бошқарувидаги муаммолар тўғрисида камида беш марта ҳисобот ёзганига қарамай, уларга на ҳукумат, на корпорация расмийлари эътибор қаратган. 

Boeing молиявий инқирозни ҳам, ўз нуфузини йўқотишни ҳам истамаслиги аниқ. Парвозларни тўхтатиш, учувчилар ҳисоботи ва икки ҳалокат тафсилотларини тергов қилиш, масаланинг моҳиятини ўрганиш натажаси нафақат концернга, балки бутун дунё йўловчи авиациясига катта зарба бўлиши аниқ.

Автомобилларга қараганда йўловчи самолётларини ишлаб чиқариш билан АҚШ, Россия, Хитой, Канада каби дунёнинг саноқли мамлакатлари шуғулланади. Европа Иттифоқи Airbus авиаконцернининг ҳамкор ишлаб чиқарувчиларидир. Boeing ва Airbus дунёнинг етакчи авиаташувчиларидир. Уларнинг самолётларидан дунёнинг барча мамлакатлари фойдаланади. Шунинг учун ҳам бу ҳаво кемаларини йиғишдаги ҳар қандай кичик камчилик ҳам бутун дунё учун муаммога айланади. 

Авиацияда инсон онгининг ўзи хоҳламаган ҳолда бу транспорт туридан қўрқинч пайдо бўлиши факторини инобатга олиш ўта муҳимдир. Автоҳалокатларда авиаҳалокатларга нисбатан қурбонлар сони анча кўп бўлишига қарамай, одамлар самолётлардан кўпроқ қўрқади. Биз уларнинг қандай учишини тушунмаймиз, осмонда мутлақ ожиз эканимизни ҳис этамиз. Самолёт носозлиги ҳақидаги ҳар қандай кичик гумон ҳам аэрофобияни келтириб чиқариши мумкин. 

Ҳар қандай авиаҳалокат одамларда самолётлардан қўрқув пайдо бўлишида асосий сабаб бўлади. Мана шу асосий сабабни бартараф этиш учун ҳар қандай масъулиятли авиаишлаб чиқарувчи ва ҳар қандай мамлакат ҳукумати парвозларни тўхтатиш, унинг сабабларини аниқлаш ва одамларни тинчлантиришга мажбурдир. 

Boeing дунё авиаташув бозорида ҳукмронлик қилишда давом этиши аниқ. Чунки яқин келажакда ҳеч бир давлат унинг самолётлари ўрнини тўлдириш имконига эга эмас. Компания учун ҳеч қачон этика ва ва масъулият масаласи бугунгидек дунё миқёсида қатъий қўйилмаган эди. Boeing аваҳалокатлар сабабини барча икир-чикиригача ўрганишга ва дунё жамоатчилигига тушунтириб беришга мажбур. Айб учувчиларда бўлганлиги исботланган тақдирда ҳам, бу ишлаб чиқарувчини оқлашга сабаб бўла олмайди. Эфиопия ҳалокати асоратларини ўчириш осон кечмайди. 

Буларнинг барчаси шунчаки чиройли сўзлар эмас. Улкан даромад ортидан қувиш катта бизнес эгаларининг жинояткорона иш тутишига, жавобгарликни буткул унутишига сабаб бўлади. Уларнинг ўзларига оқиб келаётган бу даромадларни мижозлар — шу бизнес эгалари каби инсонлар келтираётганини унутишга асло ҳаққи йўқ. 

Манба: gazeta.ru


Г.Азимова таржимаси, ЎзА
1 914