ЎзА Ўзбек

14.03.2019 11:55 Чоп этиш версияси

Boeing 737 MAX русумли самолётлар сотуви тўхтатилди

Boeing 737 MAX русумли самолётлар сотуви тўхтатилди

Boeing авиация корпорацияси кеча 737 MAX русумли самолётлари сотувини тўхтатди. 

10 март куни Эфиопиянинг Ethiopian Airline компаниясига тегишли Boeing 737 MAX 8 самолёти Аддис-Абеба ― Найроби йўналиши бўйлаб учаётиб, Дэбрэ-Зэйт шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Самолётда 157 киши бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 35 давлат вакили бор. Ҳалокат жойида самолётнинг иккала қора қутиси топилган. 

Ўнлаб мамлакатлар ва авиакомпаниялар ушбу ҳалокатдан сўнг Boeing 737 Max 8 русумли самолётлардан фойдаланишни вақтинча тақиқлади. 

Сешанба куни Европа авиация хавфсизлиги агентлиги Boeing 737 Max 8 ва Boeing 737 Max 9 русумли авиалайнерлардан фойдаланиш вақтинча тақиқлангани тўғрисида эълон қилди. Натижада бутун ЕИ ҳаво ҳудудларида бу икки русумдаги самолётлар хизматидан фойдаланиш тўхтатилди.

Мазкур самолётлар хизматидан Туркия, Хитой, Буюк Британия, Австралия, Уммон, Ҳиндистон, Мексика, Чили, Ямайка, Бразилия, Янги Зеландия, Қозоғистон, Ливан, Молдавия, Греция, Грузия, Украина воз кечди. Шундан сўнг АҚШ ва Канада ҳам Boeing корпорациясининг энг сўнгги русумдаги тор фюзелажли самолётлари парвозига вақтинчалик чеклов жорий этди. 

Boeing корпорациясининг ўзи ҳам жамоатчилик манфаатларини кўзлаб АҚШ федерал авиация агентлигига мазкур моделдаги барча самолётлар парвозини тўхтатишни тавсия қилди.

Бугун Эфиопияда ҳалокатга учраган Boeing 737 MAX 8 самолётининг қора қутилари улардаги ёзувларга ойдинлик киритиш учун Фуқаро авиацияси хавфсизлиги тергов ва таҳлил бюросининг (BEA) Франциядаги штаб квартирасига жўнатилади. 

Г.Азимова, ЎзА
2 008