ЎзА Ўзбек

22.09.2018 Чоп этиш версияси

БМТ вакили Эронда содир бўлган террор ҳаракатлари юзасидан ҳамдардлик билдирди

БМТ вакили Эронда содир бўлган террор ҳаракатлари юзасидан ҳамдардлик билдирди БМТнинг Эрондаги ваколатхонаси Ахвазда содир бўлган террор ҳаракати қурбонлари оилаларига ҳамдардлик билдирди. Бу борадаги баёнот ваколатхонанинг Twitter даги саҳифасида эълон қилинган, деб хабар бермоқда ТАСС.

"Биз Эрон Ислом республикаси ҳукуматига ва Ахваздаги террор ҳаракатларида ўз яқинларини йўқотган оилаларга ҳамдардлигимизни билдирамиз ва жабрланганларга тез фурсатларда шифо топишларига тилакдошмиз", дейилади хабарда.

Шанба куни Эроннинг Ахваз шаҳрида ҳарбий парад вақтида террор ҳаракати содир этилган. Минбар ортида яширинган номаълум қуролланган шахслар одамларга қарата ўқ узган. Оқибатда 29 киши қурбон бўлди, 57 кишининг жароҳатлангани айтилмоқда. Шифокорлар қурбонлар сонининг ортишидан хавотирда. Чунки, бир неча киши жиддий жароҳатланган.

Ҳужумни ҳарбий форма кийган 4 киши амалга оширган. Улардан икки нафари йўқ қилинди, яна икки нафари қўлга олинган. ISNA агентлигининг хабар беришича, бу хунрезликни “Ахваз араб демократик ватанпарвар ташкилоти” ўз бўйнига олган. "Reuters" эса бу ҳужумни “Ислом давлати” террор ташкилоти ўз зиммасига олганини таъкидламоқда.

3 257
Н. Тошпўлатова, ЎзА